Бухоро вилоятини ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди

Ромитан туманида 10 август куни Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилиш бошида Бухоро вилоятидаги янги саноат, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа мажмуаларини ишга тушириш маросими бўлди. Булар – Вобкент туманидаги “Вобкент тола кластер”, Қоракўл туманидаги “Қоракўл кумуш калава”, Қоровулбозор туманидаги “Бухоро реал мото”, Бухоро шаҳридаги “Экваториал чодак”, Когон шаҳридаги “Кончи” ва “Пром текстил”, Ғиждувон ва Пешку туманларидаги ёғ-мой корхоналари, Бухоро шаҳридаги меҳмонхона ва Бухоро туманидаги тиббиёт бирлашмасидир.

Давлат раҳбари рамзий тугмани босиб, ушбу мажмуаларни ишга туширди.

Шундан сўнг Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чоралари, бу борада йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, иқтисодий кўрсаткичлар қайд этилиб, қўшимча имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилнинг олти ойида Бухорода саноат 5,3 фоизга ўсган. Жами экспорт 124 миллион долларни ташкил этган. Шу даврда 250 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 бараварга ошган. Лекин айрим шаҳар ва туманларда бу кўрсаткичлар тушган.

Йил якунига қадар 858 та лойиҳа ишга туширилиб, 15 мингта иш ўрни яратилиши айтиб ўтилди. Умуман, 250 минг аҳолини банд қилиш зарур.

Саноатда импортни 150 миллион долларга қисқартириб, экспортни 400 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди. Вилоятнинг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиб, 25 минг аҳоли бандлиги ва 300 миллион доллар экспорт тушумини бемалол таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи эшитилди.

Манба