Давлат дастури ижроси бўйича Ҳукуматнинг ҳисоботи эшитилди

Олтинчи ялпи мажлис кун тартибидаги навбатдаги масала – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи бўлди.

Қайд этилганидек, ҳукумат томонидан 163 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳамда 121 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган Дастур ижросини таъминлаш ва доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан яхлит тизим яратилган.

Ҳисобот даврида хорижий инвестиция ва кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробар кўп ўзлаштирилган. Жами хизматлар ҳажми 2,6 фоизга ошган.

Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 трлн. сўм ажратилган.

Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси оқибатида мамлакатимизда ҳам иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари сезиларли даражада пасайган. Хусусан, республикамизда экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 22,6 фоизга қисқарган.

Дастурга мувофиқ 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши лозим бўлган 118 та банддаги топшириқларнинг 3 таси ўз вақтида бажарилмаган.

Жумладан, ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини кучайтириш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилиниши таъминланмаган.

Сенаторлар ҳукумат ҳисоботи муҳокамаси жараёнида пандемия ва карантин шароитида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида аҳоли орасида айрим эътирозлар юзага келаётганига эътибор қаратди.

Истеъмол маҳсулотлари ва дори воситаларининг нархлари асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш борасида электрон назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича вазифалар ижроси талаб даражасида таъминланмаганлиги таъкидланди.

Мамлакатимиздаги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, касалликларнинг олдини олиш, коронавирусга шубҳа бўлган фуқароларни шифохоналарга етказиш, аҳолига карантин талабларини мунтазам тушунтириш ва бу жараёнларда жамоатчилик назоратини амалга оширишда жойларда маҳалла идораларининг иштирокини кескин кучайтириш зарурлигига урғу берилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Манба