Давлат раҳбари маҳалла аҳолиси билан мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги Парвоз маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.

Мамлакатимизда ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, аҳолини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишга жалб этиш, коммунал муаммоларни ҳал қилиб, ҳудудини ободонлаштириш чоралари кўрилмоқда. Парвоз маҳалласига ташриф чоғида шу борадаги ишлар ижросига эътибор қаратилди.

Бу ердаги 41 та кўп қаватли уйга “Шинам уй-жой” бошқарув сервис компанияси сифатли хизмат кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу ширкат биносини кириб кўрди.

Компанияда туну кун диспетчерлик хизмати йўлга қўйилган. 35 доимий, 20 дан зиёд мавсумий иш ўрни яратилган. Бинода «Халқ банки» бўлими ҳам ташкил этилган.

Ҳудудда мактабгача таълим муассасалари, мактаб, спорт майдончалари бор. Президент шу ерда ўйнаётган болаларга эзгу тилаклар билдирди.

- Болаларимиз соғлом бўлиб, кўзларидан нур ёғилса, мен учун энг катта бахт шу. Сизларнинг билим олишингиз, касб-ҳунарлар эгаллашингиз, спорт билан шуғулланишингиз учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз. Сизлар яхши ўқиб, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек боболаримизга муносиб бўлиб, ота-онангиз орзуларини ушалтирадиган инсонлар бўлиб улғайинг, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳаллада савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 157 кичик бизнес субъекти бор. Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида жорий йилда умумий қиймати 73 миллиард сўм бўлган 6 та лойиҳани амалга ошириш ва 310 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

- Бу Тошкент шаҳридаги энг катта маҳаллалардан бири - 10 минг 200 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Бу ерда шундай ишлар қилингани бошқа маҳаллаларга намуна бўлиши керак, - деди Президент.

Мутасаддиларга пойтахтимиздаги барча 524 та маҳаллани шундай обод қилиш, бунинг учун ҳар бирига маблағ ажратиб, лойиҳаларини тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди.

Шу ерда нуронийлар, жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат бўлди.

– Улуғ айём кунларда сизлар билан кўришганимдан хурсандман. Меҳр кўзда дегандек, ёшлар, нуронийлар билан гаплашсам ўзимга куч, катта режалар оламан. Одамларнинг ҳар бир гапи менга масъулият бағишлайди. Халқимизни рози қилсак, иншооллоҳ, ажри ҳам бўлади, - деди Президент.

Манба