Давлат раҳбари Шуманайдаги иқтисодий лойиҳалар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Шуманай туманидаги “Шуманай экотекс” корхонаси фаолияти билан танишди.

2020 йилда ишга туширилган ушбу корхона 7 минг тоннадан зиёд ип-калава тайёрлаш қувватига эга. Ўтган йили 51 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 
қарийб 5 миллион долларлик экспорт қилинган.

Шу пайтгача ҳудуддаги энг катта муаммо ишсизлик эди. Мазкур корхона аҳоли, айниқса, хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашда муҳим бўлди. Бу ерда 500 та иш ўрни ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди, ишчилар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга корхонада пахтани қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириш бўйича кўрсатма берилди.

- Бу маъқул. Лекин туманда ишсизлар бўлмаслиги учун бундай корхоналар уч-тўртта бўлиши керак. Саноатнинг бошқа йўналишларида ҳам лойиҳалар топиш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда тумандаги “Баҳром Илғор Кластер” масъулияти чекланган жамияти ҳақида маълумот берилди. Кластернинг 743 гектар ери лазер орқали текисланган. Шундан 100 гектарида ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилган.

- Аҳолига даромад манбаи яратиш, ялпи ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Бунинг учун нима керак? Аввало, сув керак. Қорақалпоғистонда сув ва ер ҳисоби долзарб. Агар саранжом қилиб, иқтисод қилиб фойдаланилса, сув етади. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги маданиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш керак, - деди Президент.

Шуманай туманига бириктирилган Хоразм вилояти тадбиркорларининг инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Манба