Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир туманидаги “Белтов” овул фуқаролар йиғинида бўлди.
Бу ерда мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Туман марказидан 40 километр узоқда жойлашган ҳудуднинг илгари шароити оғир эди. “Обод қишлоқ” дастури асосида қурилиш, таъмирлаш ишлари амалга оширилгач, овул қиёфаси ўзгарди.
Фуқаролар йиғини идораси, маданият маркази, шифокорлик пункти, мактабгача таълим муассасаси капитал таъмирланди. Ҳаммом қурилди. Янги қувурлар тортилиб, ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Кўчаларга қум-шағал аралашмаси ва қора қоплама ётқизилди. “Оржап” каналида пиёдалар кўприги қурилди, йўлаклар, ариқлар тартибга келтирилди. 5 километр электр тармоқлари янгиланиб, трансформатор ўрнатилди.
Шавкат Мирзиёев овулдаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Аҳоли билан мулоқот қилди.
– Охирги йилларда Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор бериб, катта куч ва ресурсларни жалб этганимиз ўз натижасини бераяпти. Одамлар йўлимиз тўғрилигига ишонди. Энди янги марралар қўйганмиз. Қорақалпоғистонга ҳамма раҳбарларни олиб келдик. Бунақаси тарихда бўлмаган. Улар маблағи, жамоаси билан келиб, аниқ лойиҳалар ишлаб чиқаяпти. Тахтакўпирнинг ҳам аввалги мавқеини тиклашимиз зарур, - деди Президент.
Давлатимиз раҳбари аёллар турмушини яхшилаш масаласига алоҳида тўхталди.
- Юртимизда аёллар кўз ёши тўкмайдиган жамият қуришимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқот бўлди. Улар маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш, бандликни таъминлаш борасидаги таклифларини билдирди.
Президентимиз шу ерда журналистлар билан ҳам суҳбатлашди.
Олдингиси
Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган тубига борди
Президент Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрди.
24.02.2022Кейингиси
Давлат раҳбари Шуманайдаги иқтисодий лойиҳалар билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Шуманай туманидаги “Шуманай экотекс” корхонаси фаолияти билан танишди.
24.02.2022