Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили Фарғона шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массиви қурилишини бориб кўрган эди. Вилоятга бу галги ташриф чоғида ишларнинг бориши яна бир бор кўздан кечирилди.
Бугунги кунда 300 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Бу ерда 65 мингдан зиёд аҳолига мўлжалланган 298 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Аҳоли зич яшайдиган шаҳар ва вилоят учун бу муҳим ижтимоий аҳамиятга эга.
Бу йил массивда 73 та уй барпо этилмоқда. Уларнинг дастлабкилари фойдаланишга топширилиб бўлди.
Шунингдек, ҳудудда мактаблар, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари, савдо ва маиший хизмат шохобчалари, спорт мажмуаси бўлади. 50 гектарда ташкил этиладиган кичик саноат зонаси аҳолини иш билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Массив ўзига хос экошаҳар бўлади - 70 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” ва сунъий кўл барпо қилинади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилади. Сунъий кўл атрофида сўлим хиёбон ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари массивдаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларга инвесторларни жалб этиш, хизмат турларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Президент Фарғона вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Олдингиси
Президент: Мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш
Фарғона шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
28.07.2023