Президент: Мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш

Фарғона шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ҳудудларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

- Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик.  Янгиланган Конституциямизда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эканлигини муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилиш, - деди давлатимиз раҳбари.

Бунинг учун ваколатли тузилмаларга барча шароитлар яратилмоқда. Охирги икки йилда ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, Президентнинг 40 га яқин фармон ва қарорлари, 60 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса, ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилди. “Маҳалладаги бешлик” учун 30 мингдан ортиқ янги штатлар киритилди. Чунки аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак.

Лекин ўтган 6 ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган. 9 минг 500 га яқин маҳалланинг 1 минг 500 тасида криминоген вазият бор.

Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйганлиги учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва жамоат хавфсизлиги учун масъул ўринбосарига “ҳайфсан” эълон қилинди.

Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Ғиждувон, Когон, Тупроққалъа, Тахтакўпир, Томди, Яккабоғ, Олтинсой, Зафаробод, Боёвут, Гулистон, Мингбулоқ, Олтинкўл туманлари ички ишлар бўлими бошлиқлари, Андижон, Бандихон, Бувайда, Нарпай, Юнусобод туманлари прокурорлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Маълумки, Нукус шаҳридаги “Алтин жағис” маҳалласида жиноят йўлига кириш эҳтимоли юқори аҳоли билан янгича ишлаш тизими жорий қилинди. Унга кўра, бундай тоифага кирувчи аҳоли “ижтимоий профилактика” тамойили асосида “маҳалла бешлиги”га номма-ном бириктирилди. Лекин бу тизимни бутун мамлакатда жорий этиш суст ташкил этилган.

Энди маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш бўйича янгича иш тартибига ўтилиши белгиланди. “Ижтимоий профилактика” бўйича маҳалла масъулларининг вазифалари ва методикасини ишлаб чиқишга кўрсатма берилди.

Вилоят-туман-маҳалла кесимида ижтимоий ва криминоген муаммоларни рақамлаштириш орқали “Ижтимоий вазият” ахборот тизимини, шунингдек, “112” тезкор рақами ва диспетчерлик тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчисини ёшлар ташкил қилаётгани афсус билан қайд этилди. Шу боис уюшмаган ёшлар билан ягона ёндашув асосида ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раиси бошчилигида Идоралараро кенгаш тузиладиган бўлди. Бу кенгаш ёшлар билан манзилли ишлаш дастурларини амалга оширади.

Оилавий низолар, аёллар жиноятчилиги ҳолатларига ҳам эътибор қаратилди. Ижтимоий-маиший муаммоси бор оилалар билан ишлаш – давлат идораларининг биринчи галдаги вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Энди оғир ҳаётий аҳволга тушган оилаларга ёрдам бериш бўйича “ижтимоий хизмат иши” очилади. “Хавфсиз оила” тамойили асосида алоҳида иш тизими йўлга қўйилади.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги методикаларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг билим ва дунёқарашини юксалтириш бўйича топшириқ берилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги аҳволидан одамлар мутлақо норози экани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ўтган олти ойда 4 мингга яқин автоҳалокатлар содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган.

48 фоиз ҳодисаларга йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб бўлган. Пиёдаларга зарур шароит яратилмагани оқибатида жорий йилда улар иштирокида 1 минг 859 та ҳодиса юз бериб, 334 нафар пиёда вафот этган.

Давлатимиз раҳбари бу борада тартибни кучайтириш бўйича ташаббусларни илгари сурди. “Йўл ҳаракати хавфсизлиги – жамоатчилик назоратида” тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилади. “Автойўл” ва йўл ҳаракати хавфсизлигига масъул раҳбарлар парламент ва кенг жамоатчиликка ҳар ярим йилда ҳисобот бериб боради.

Энди, йўлдаги дислокация тушунчасидан воз кечилиб, барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади.

Йиғилишда ҳуқуқ-тартибот идораси ходими деган номга доғ тушираётган айрим раҳбарлар фаолиятига тўхталиб ўтилди. Уларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо беришга кўрсатма берилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари ахборот берди.

Манба