Фарғона шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
- Бу ерга келишдан олдин кўп-кўп таҳлил қилдик. Келиб-кетиш осон. Лекин 4 миллионлик вилоят аҳолисига нима манфаат бўлади, деган савол кўндаланг турибди. Шунинг учун бир ойдан бери тайёргарлик кўряпмиз. Кеча туманларда юриб, одамлар билан гаплашдим. Фарғонанинг эртаси нима бўлади, деб кечасиям ўйлаб чиқдим. Коронавирус касаллиги ёнимизда юргандек, иқтисодий хавф-хатар ҳам ёнимизда юрибди. Дунёдаги инқироз ҳамма давлатларга таъсир қилди. Бозор топиш - азоб бўлиб кетди. Шунинг учун янги «ўсиш нуқталари»ни шакллантириб, имкониятларни тўлиқ ишга солишимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлат раҳбари 2020 йил сентябрь ойидан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Хайрулло Бозоров номзодини Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тавсия этди.
Х.Бозоров меҳнат фаолиятини 1995 йилда солиқ инспектори сифатида бошлаган. 2007-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, Учқўрғон, Чуст ва Мингбулоқ туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. 2015-2020 йилларда Наманган вилоятини ҳокими бўлган. Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони билан тақдирланган.
- Мен Хайрулла Бозоровни кўп йиллардан бери биламан. Учта туманда, вилоятда ҳоким бўлиб ишлаган. Жуда тажрибали, ҳозирги замонга муносиб, халқпарвар, камтар инсон. Тўрт ойдан бери ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида сизларнинг ҳам синовингиздан ўтди. Фарғонага мана шундай билимли, тажрибали одам керак, - деди давлат раҳбари.
Халқ депутатлари, нуронийлар, ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.
Президент туманлардаги мутасаддиларнинг иш услуби, жойлардаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.
- Агар раҳбар оддий, самимий бўлиб, «ерда» юриб, халқнинг дардини билиб, оғирини енгил қилса, унинг ҳурмати ошади. Фақат столда ўтириб, машинада юриш билан обрў ошиб қолмайди. Менинг энг катта ташвишим - қуйи поғонадаги, туман миқёсидаги раҳбарлар ўзига масъулият олмаяпти. Бор имкониятдан тўғри фойдаланиб, фаоллар бирлашиб, кўп масалаларни туман, маҳалланинг ўзида ҳал қилса бўлади. Ҳоким ҳаловатга интилмаслиги керак, ўзини ишга бағишлаши керак, - деди Президент.
Йиғилишда хизмат вазифасини етарли даражада бажармагани учун Қува, Ўзбекистон ва Ёзёвон тумани ҳокимлари ҳамда айрим сектор раҳбарлари лавозимидан озод этилгани айтилди.
Айни пайтда Президент вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллабай тизимда аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш вазифалари бўйича маъруза қилмоқда.
Олдингиси
Президент Фарғона туманидаги янги корхоналар билан танишди
Шавкат Мирзиёев Фарғона туманидаги “Vodiy Shoes” корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.
05.02.2021Кейингиси
Фарғона вилоятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди
Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашининг сессиясида аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифалари белгиланди.
05.02.2021