Давлат раҳбари тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари йиғилганларни Тадбиркорлар куни билан табриклаб, ўзининг чуқур ҳурмати ва эзгу тилакларини билдирди.

Мулоқотда ўтган йиллардаги учрашувлар натижаларига тўхталиб ўтилди. 2021 йили бўлган очиқ мулоқот бўйича 57 та, ўтган йили эса 55 та ташаббус илгари сурилган эди. Уларнинг натижасида бизнесни юритишда кўплаб енгилликлар бўлди.

Мисол учун, ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлиниб, улар билан алоҳида ишлаш йўлга қўйилди. Худди шундай, туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди.

Қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилган. Энг муҳими, ушбу солиқ ставкаси 12 фоизга туширилгани ҳисобига, қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайиб, фаолияти “соядан” чиққан.

Кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккредитивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имконият орқали тадбиркорларга 1 миллиард доллар кредитлар берилган.

Божхона ҳудудида қайта ишлаш тизими соддалаштирилди. Натижада, ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробарга кўпайди. Бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Жорий йилнинг олти ойида солиқ тўловчилар фаолиятида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган.

Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайган, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етган. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди.

Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошган. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етган.

Очиқ мулоқотлардан кейин, сўнгги икки йилда корхоналаримиз томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган ва аввал импорт бўлган 10 миллиард долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Президент Шавкат Мирзиёев мулоқотдаги маърузасида бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди. Уларнинг ҳар бири ўз ичига кўплаб ташаббусларни қамраб олди.

Биринчи йўналиш – кичик бизнесга янги имкониятлар.

Бу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилиши қайд этилди. Бунинг учун энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес марказлари ташкил этилади. Уларда ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштирилади. Бу дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.

Умуман, кичик бизнесда камида 150 мингта субъектни “оёққа турғизиш”, 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш, соҳада 250 мингта янги доимий иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Иккинчи йўналишда ўрта бизнесга оид ташаббуслар илгари сурилди.

Жумладан, кичикдан ўрта бизнесга ўтиш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун бу борадаги жамғармаларнинг фаолияти ҳам, ишлаш усули ҳам ўзгартирилади. Саноатни ривожлантириш жамғармаси орқали янги лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада 5 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада 10 йил муддатга кредитлар ажратилади.

Саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилиб, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади. Жумладан, ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади.

Тадбиркорлик жамғармаси иқтисодиётнинг яна бир драйвери бўлган хизматлар соҳасига масъул бўлади. Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида “хизматлар ипотекаси” тизимини жорий қилади.

Ушбу янги имкониятлар ҳисобидан қўшимча 1 миллиард долларлик хизматлар, 5 миллиард долларлик янги маҳсулотлар, 350 минг янги иш ўринлари ташкил қилиш мумкинлиги айтилди.

Учинчи йўналиш янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш бўйича бўлди.

– Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Бизнинг “нефтимиз” ҳам, “газимиз” ҳам бу – Сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир, – деди Президент.

Бу йўналиш давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани самарасида сўнгги тўрт йилда экспортчи корхоналар сони 4 минг 500 тадан 7 минг 200 тага кўпайган. Экспорт маҳсулот турлари 1 минг 500 тадан 3 мингтага ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага кенгайган.

Ўтган йили “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури бошланган эди. Унинг доирасида 100 та етакчи экспортчи корхонага кредит, солиқ, божхона бўйича алоҳида режим жорий қилинди.

Мулоқотда мазкур дастур жорий йилда ҳам давом эттирилиши ва қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилиши маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари нуфузли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб қилиш масаласига алоҳида аҳамият қаратди. Бунинг учун, хорижий ҳамкорлар сўровига мувофиқ, ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш талабларини ҳамда қулай божхона режимини жорий қилиш, маҳаллий корхоналардаги ишчиларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш зарурлиги таъкидланди. Йирик брендларни жалб қилган корхоналарга грант ажратиш таклифи билдирилди.

Тўртинчи йўналиш – юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш. Шу мақсадда халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, электр техникаси, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Уларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, 60 мингта иш ўринларини яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган. Ушбу тайёр лойиҳалар тадбиркорларга таклиф қилинди.

Бешинчи йўналиш солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, бюрократияни йўқ қилиш масалаларига қаратилди. Президент бу соҳада коррупция билан боғлиқ шикоятлар кўпайиб кетгани, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти (tax gap) адолатсиз эканини қайд этди. Шу боис, 1 октябрдан бошлаб, ушбу амалиёт бекор қилиниши белгиланди.

Барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланиши таъкидланди.

Шунингдек, тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низоларини кўриш маъмурий суд ваколатига ўтказилади. Уларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.

Ишбилармонларнинг вақти ва харажатларини тежаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб, бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилади. Барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилиниши айтилди.

– Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳар бир йил улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш даври бўлиб қолмоқда. Ҳаёт синовларида тобланган, мард ва ташаббускор тадбиркорларимиз бор экан, биз албатта кўзлаган марраларимизга эришамиз, – деди Президент сўзининг якунида.

Очиқ мулоқот савол-жавоб тарзида давом этди. Тадбиркорлар айтган таклиф ва муаммолар юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Манба