Жорий йил 3 февраль куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори Ольга Кулаева раҳбарлигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб иш жойлари ва меҳнат шароитларини яратиш, барча соҳаларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Халқаро меҳнат ташкилоти делегацияси томонидан Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига барҳам бериш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди. Бу борада олиб борилаётган амалий саъй-харакатлар мамлакатимизда фаолият юритаётган қатор халқаро ташкилотлар, хорижий дипломатик ваколатхоналар томонидан ҳам эътироф этилаётганлиги таъкидланди.
Учрашувда томонлар бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, аҳоли, айниқса хотин-қизлар ва ёшлар бандлиги даражасини ошириш, Аҳоли бандлигини таъминлаш миллий стратегияси ҳамда Ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегия лойиҳаларини, шунингдек, уларни амалга ошириш бўйича “йўл хариталари” лойиҳасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.
Шунингдек, жорий йилнинг 5 февраль куни кенг халқаро ҳамжамият ва нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказиладиган “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда муносиб меҳнат” мавзусида халқаро давра суҳбатига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Кейингиси
Кластерлар фаолиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
04.02.2020