Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни «Навоийазот» акциядорлик жамиятига ташриф буюрди. Бу ерда бирйўла иккита завод - азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш корхоналарининг очилиш маросими бўлди.
Кимё саноати мамлакатимиз иқтисодиётида асосий драйверлардан бирига айланмоқда. Илгари бу тармоқ асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғитлар ишлаб чиқариб, бундай маҳсулотларнинг улуши соҳада қарийб 80 фоизни ташкил этар эди. Бугунги кунда замонавий полимерлар ишлаб чиқарилаётгани ҳисобидан минерал ўғитлар улуши 10 фоизга қисқарди, бошқа соҳалар учун тайёрланаётган маҳсулотлар ҳажми эса 6 марта ошди.
Кейинги беш йилда “Ўзкимёсаноат” тизимида товар маҳсулотлари ҳажми 4 марта ошди, кимёвий маҳсулотлар экспорти 250 миллион долларга етмоқда.
Бунда «Навоийазот» акциядорлик жамиятининг ўрни жуда катта. Бу ерда мамлакатимиз кимё саноати маҳсулотларининг қарийб ярми ишлаб чиқарилади, 9 мингга яқин муҳандис, технолог ва моҳир ишчилар меҳнат қилади.
Янги ишга туширилган азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналари соҳа ривожига қўшимча суръат беради. Умумий қиймати 1,5 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳалар “Навоийазот”да маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириб, бу кўрсаткични йиллик 150 миллион доллардан 410 миллион долларгача олиб чиқади.
Ўзбекистонга биринчи марта олиб келинган, энг илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу замонавий мажмуалар 60 йил аввалги эски қувватлар ўрнини тўлиқ эгаллайди.
Хусусан, биринчи корхонада йилига 660 минг тонна аммиак ва 578 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Бунда, бир тонна аммиак ишлаб чиқариш учун энергия сарфи 2,5 марта камаяди.
Иккинчи корхонада эса йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилиб, электр энергияси сарфи 18 марта қисқаради.
Фақатгина ана шу иккита лойиҳа эвазига ишлаб чиқарилаётган азотли ўғитнинг таннархи 30 фоизга пасаяди.
- Бу рақамларнинг ортида корхонанинг минглаб меҳнатсевар, фидоий ишчилари, юқори малакали мутахассисларнинг машаққатли, айни вақтда шарафли меҳнати мужассам, - деди Шавкат Мирзиёев. Ва уларга миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид корхоналарини ишга туширди.
2019 йил 28 декабрь куни Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилган эди.
Бугун поливинилхлорид корхонасининг иккинчи босқичи қурилиши бошланди. 400 миллион доллар қийматга эга бўлган ушбу лойиҳа поливинилхлорид ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг тоннадан 220 минг тоннага, каустик содани эса 75 минг тоннадан 165 минг тоннага етказиш имконини беради. Шу тариқа электротехника, мебелсозлик, қурилиш материаллари саноати, маиший кимё ва бошқа соҳаларда йилига талаб юқори бўлган 210 миллион долларлик маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилда ишга тушириш мўлжалланган.
Муҳим томони - бу корхона орқали “Навоийазот” ва “Электр кимё заводи” негизида йирик, ўзаро интеграция қилинган кимё кластерини ташкил этиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари ушбу кластер салоҳияти, истиқболини алоҳида таъкидлаб ўтди.
- Бу кластерда яқин йилларда умумий қиймати 3,4 миллиард доллар бўлган 23 та лойиҳа амалга оширилади. Кластер доирасида 33 турдаги юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Хусусан, йил якунига қадар кластер доирасида кимё, чарм, мебелсозлик ва қурилиш материаллари саноати учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган 2 та лойиҳа ишга туширилади. Энг муҳими, шу асосда “Навоийазот”да қўшимча 3 мингтадан зиёд янги иш ўринлари очилади, - деди Президент.
Мамлакатимиздаги иқтисодий лойиҳалар ўзаро оқилона боғланган ва бир бирини тўлдиради. Масалан, 2030 йилгача 8 минг мегаватт қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган бўлиб, бу йилига 5 миллиард куб метр табиий газни иқтисод қилиш имконини беради. Бу газ эса қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрланади.
- Биз илгари асосан пахта билан газ сотардик. Ҳозир четга сотмаяпмиз, ўзимизда қайта ишлаяпмиз. Керак бўлса, газ сотиб олаяпмиз. Нимага? Корхоналар кўпаяяпти, маҳсулот кўпаяяпти, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу мақсадда келгуси йилларда 6 та кимёвий технологик кластер ташкил этиш режалаштирилган. Улардан биринчиси мазкур «Навоийазот»дагиси.
Иккинчи кластер Бухоро вилоятида жойлаштирилади ва у ерда табиий газдан полиэтилентерефталат (ПЭТ), поливинилацетат (ПВА), полипропилен ҳамда бошқа полимерлар ишлаб чиқарилади. Улар асосида тайёр маҳсулот ва буюмлар чиқарадиган ўнлаб замонавий корхоналар ташкил топади.
Учинчи кластер Қашқадарё вилоятида Шўртан газ-кимё комплекси ва Деҳқонобод калий заводи негизида бўлади. Унда ювиш ва маиший кимё воситаларининг асосий компонентлари, бимодал полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
“Фарғонаазот” негизида бўладиган тўртинчи кластерда лок-бўёқлар, мебель учун меламин, тўқимачилик саноати учун сунъий толалар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Бешинчи кластер Қорақалпоғистон Республикасида, Устюрт ҳудудида жойлаштирилади. Унда кальцийланган сода, поливинилхлорид, полиэтилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади.
Олтинчи кластер Тошкент вилоятида ташкил этилади. Унда моноаммонийфосфат, олтингугуртли карбамид, бошқа фосфорли ва азотли минерал ўғитлар, протеин, ювиш воситалари тайёрланади.
Бу лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб, кимёвий товар маҳсулотлари ҳажми жорий йилга нисбатан 3 марта ортади ва 2030 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 7 фоизини ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари бу соҳадаги улкан лойиҳалар учун малакали мутахассислар тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади. Бу кластер 4 та олий таълим муассаси ва кимё бўйича замонавий илмий-тадқиқот марказини қамраб олади.
Президент поливинилхлорид ишлаб чиқариш лойиҳасининг иккинчи босқичи қурилишига тамал тоши қўйди.
Олдингиси
Ўзбекистон Президенти Қозоғистон Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
27.08.2021Кейингиси
Президент: Халқимизнинг мустаҳкам иродаси, сизлар каби юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати билан қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан кўплаб ватандошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
30.08.2021