Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.
- Минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганлар, - деди Шавкат Мирзиёев.
Кейинги ойларда давлат раҳбарлари олтинчи марта учрашаётгани Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзига хос муносабатларнинг ёрқин далилидир.
Президентимиз Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатларимиз ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган бугунги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришга улкан ҳисса қўшганини қайд этди.
Иқтисодиёт икки томонлама муносабатларнинг етакчи кучи бўлиб хизмат қилаётгани, мамлакатларимизнинг улкан салоҳиятини ишга солиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди. Кейинги йилларда ўзаро савдо жадал суръатда ошиб бормоқда.
Ўзбекистон-Туркманистон Чегараолди савдо зонаси ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди. Бугун давлат раҳбарлари ушбу зонанинг қурилишини бошлаб берадилар.
Томонлар кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олинди.
Транспорт соҳаси - ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан бири. Давлат раҳбарлари “Шарқ - Ғарб” ва “Шимол - Жануб” йўналишларида, шу жумладан Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга аҳдлашиб олдилар.
Мамлакатларимиз сув соҳасида юксак даражада ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Тошкентда имзоланган Амударё бўйича битимни кенг кўламда амалга оширмоқдалар.
Устувор йўналишлар орасида – ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этдилар.
Келгуси йилда иккала мамлакатда барча вилоятлар иштирокида Маданият ва кино кунлари, ёшлар фестиваллари ўтказилади.
Белгиланган мақсадларга эришишда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
- Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг равнақига хизмат қилишига ишонамиз, - деди музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси.
Олдингиси
Шавкат Мирзиёев Ашхободга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакатга келди.
20.10.2022Кейингиси
Шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланди
Олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди.
21.10.2022