Металлургияни ривожлантириш бўйича вазифалар белгиланди

Ўзбекистон металлургия комбинатида 12 август куни ушбу соҳани ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ушбу комбинат илгари мамлакатимизда қора металлургия соҳасидаги ягона корхона эди. Сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар натижасида 200 та янги корхона ташкил этилди. Уларда 25 мингдан зиёд аҳоли меҳнат қилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида соҳада 16 триллион сўмлик товарлар тайёрланган. Темир ва темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 баробар ўсиб, 2 миллион тоннадан кўпайган.

Шу билан бирга, юртимизда бунёдкорлик ишлари, саноат лойиҳалари ҳали кўп. Бугунги кунда барча соҳаларда йилига 4 миллион тонна қора металл ишлатилмоқда. Хусусан, металлга кетадиган харажатлар улуши уй-жой қурилиши таннархида 15 фоизни, машинасозликда 40 фоизни ташкил қилмоқда.

2026 йилга бориб, мамлакатимиз иқтисодиёти эҳтиёжлари учун 6 миллион тоннага яқин металл керак бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Қолаверса, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият, логистика занжиридаги узилишлар йирик металлургия корхоналари фаолиятига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу шароитда фақат ўз металлургия саноатимизни жадал ривожлантириш орқали мақсадга эришиш мумкинлигини таъкидлади. Бу борадаги тўртта асосий вазифа кўрсатиб ўтилди.

Биринчиси - металл ишлаб чиқарувчи корхоналарни хомашё билан кафолатли таъминлаш. Иккинчиси - барча ҳудудларда металл ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил бўлишини қўллаб-қувватлаш. Учинчиси -  юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқлари учун замонавий металл конструкциялар ишлаб чиқариш. Тўртинчиси - малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.

Бош вазир маслаҳатчиси Б.Исломов мамлакатимизда 1 миллиард 200 миллион тонна темир рудаси захиралари борлигини қайд этди.

Янги конларда, шу жумладан, Қораўзакдаги “Тебинбулоқ” конида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди.

Иккинчи масала ҳақида сўз борар экан, соҳадаги корхоналарни ривожлантириш ва уларнинг негизида саноат кластерларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланди.

Президент ҳудудлардаги шундай корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилди. Уларнинг импорт қилинадиган металл хомашёси ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналарни божхона божидан озод қилиш, хорижлик малакали мутахассисларнинг юртимизда ишлаши учун соддалашган виза бериш таклифларини кўриб чиқишга мутасаддиларга кўрсатма берди.

Учинчи йўналишга кўра, келгуси йилда 500 миллион долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш вазифаси қўйилди. Мутасаддилар бу борада 204 та лойиҳа таклифи ишлаб чиқилганини маълум қилди. Бу йўналишни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллийлаштирилган янги маҳсулотлар давлат корхоналари томонидан кафолатли харид қилиниши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари соҳада таълим ва илм-фанни ривожлантириш учун “Ўзметкомбинат”да Металлургия илмий марказини ташкил этиш, Геология университетида қора металлар илмий лабораторияси, Навоий кончилик ҳамда Тошкент техника университетлари қошида технопарклар очиш таклифини билдирди. Шунингдек, нуфузли хорижий компаниялар ва инжиниринг марказларида ёш мутахассислар малакасини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимлари, кон-металлургия комбинатлари жамоаси, тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар иштирок этди.

Манба