Ўқитувчи ва шифокорлар билан фикр алмашилди

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқот қилди.

– Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Сизлар билан учрашишдан мақсад – қуйи тизимдаги масалаларни билиш, тўғри йўл тутиш, – деди давлатимиз раҳбари.

2020 йил барча соҳалар учун катта синов бўлди. Тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келди.

– Оғир синовлар пайтида бирлашдик. Бу синовлар бизни изланишга мажбур қилди. Шунинг учун натижа бўлди, – деди Президент. 

Айни пайтда, пандемия қайси соҳаларда оқсаш борлигини, ислоҳот, ривожланиш йўналишларини ҳам кўрсатиб берди. Жорий йил 30 октябрь куни таълим-тарбия тизими, 6 ноябрда эса соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишлари шу мақсадга қаратилган эди. Уларда муҳокама қилинган долзарб масалалар ва билдирилган таклифлар асосида таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантириш, бирламчи тиббий муассасалар фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш бўйича Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилинди.   

Бугунги учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, уларни қуйи тизимда амалга ошириш чоралари ҳақида суҳбатлашилди.

Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлади.

– Шифохонадан чиққан 20 та одам билан гаплашинглар, ҳаммасини айтади. Кўпчилик тиббий хизматлар сифатидан норози, – деди Президент.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича фикрлар билдирди.

Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари аҳоли саломатлиги, ёш авлод камолотида ҳамоҳанг экани таъкидланди.

– Тиббиёт ва таълим – давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Ҳаммамиз ўзимизни қийнаб, ҳалол бўлиб, бу тизимларни тўғрилаб олсак, ана шунда адолат таъминланади. Халқимиз рози бўлади. Тошкент бунда намуна бўлиши керак.

Манба