Қаҳратон қиш бўлса-да, Орол денгизининг қуриган майдонларида меҳнат қайнамоқда. Жорий йилда 700 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш мўлжалланган бўлиб, бугунги кунга қадар (2020 йил 11 январь кунги маълумот) қарийб 200 минг гектар яқин майдонда кўчат ўтқазиш ва уруғ сепиш орқали ўрмонлаштириш тадбирлари бажарилди. Уруғ сепиш ишлари замонавий тракторлар ҳамда самолётлар орқали амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси маълумотига кўра, ҳозирги кунга қадар 33 минг 577 гектар ер экишга тайёрланган, мавсумда 2 400 тонна чўл ўсимликлари (саксовул, қандим, қорабарақ ва ҳ.) уруғларини тайёрлаш режа қилинган бўлиб, шундан 1 500 тоннага яқин уруғ йиғилган. Уруғ тайёрлаш ишларига эса, асосан, Мўйноқ тумани аҳолиси жалб қилинган. Бунинг учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Оролни қутқаришга олимлар ҳам жалб этилмоқда
– Ўтган йили Оролнинг қуриган майдонидаги 400 минг гектарга саксовул, 64 минг гектарига бошқа чўл ўсимликлари экилган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси Низомиддин Бакиров. – Бу йил Орол муаммосини ҳал этиш ишларида вилоятлардан 500 нафарга яқин ҳашарчилар ихтиёрий равишда ёрдам беришяпти, Шунингдек, Республика ўрмон хўжаликларидан 600 нафар мутахассис ёрдамга келишди. Оролнинг шўр ерларига саксовул экиб, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидаги чўлларини ҳам ободонлаштириш устида ишламас эканмиз, кутган натижага эриша олмаймиз. Саксовул – табиатнинг мўъжизаси. 8 ёшдаги саксовул 10-12 тонна зарарли қумни сақлайди. Зарарли қум асосан тузлардан иборат. Саксовул уруғи икки йилгача қумда ўзини сақлаб тура олади. Ушбу ўсимлик 4 йилдан 5 йилга қараган пайтида уруғ беришни бошлайди. Унинг 1 килоси 10 минг донагача уруғ бериши мумкин. Саксовул жуда катта кислород манбаи ҳисобланади. Саксовул ўсган жойда гумус пайдо бўлишни бошлайди. Гумус пайдо бўлган ерда эса бошқа ўсимликлар ҳам ўсиб чиқади. Охирги икки йилда шу ҳудудда ёввойи ҳайвонлар ва қушлар кўпайишни бошлади. Чорвачилик ҳам ривожланмоқда. Ҳозир биз бу ерларга олимларни ҳам жалб қилмоқдамиз, улар саксовуллар орасига доривор ўсимликларни экиш, асалари уяларини кўпайтириш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича тадқиқотлар олиб боряпти.
Оролдан учган заҳарли тузлар гармсел шамоллари орқали юртимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам тарқаб, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини 20-30 фоизга камайтириб юбормоқда. Экилаётган чўл ўсимликлари ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олади.
Мўйноқда саноат ривожланмоқда
– Охирги бир йил ичида Мўйноқда катта ўзгаришлар бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев. – Улардан бири саноатни, яъни тадбиркорликни ривожлантириш йўлга қўйилганидир. Жумладан, шприц ишлаб чиқаришга 3 миллион 500 минг долларли инвестиция киритилди. 2019 йилда биз маҳаллий бюджет ҳисобидан 476 миллиард сўм инвестиция жалб қилган ҳолда 93 та ижтимоий соҳа объектларида янги қурилишлар, реконструкция ишларини олиб бордик. Қорақалпоғистон Республикасининг 45 та қишлоғида «Обод қишлоқ» дастурини амалга оширдик.
– Бевосита Президентимиз ташаббуси билан Мўйноқ тумани ва Оролнинг қуриган ҳудудларида улкан ишлар олиб борилмоқда, – дейди Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик, ФВВ полковниги Зиновий Новицкий. – Бу ишларни бизнинг қўшни мамлакатлар ҳам қўллаб-қувватлашлари керак, Шу жумладан, Қозоғистон ҳам. Биргаликда ишлаган ҳолда, яқин келажакда ягона тизимни ишлаб чиқиш зарур. Шунда ягона илмий тавсиянома ишлаб чиқилади, муаммолар ҳам ҳал этилади.
Мўйноқ туманида 1 000 гектар, Қораўзак туманида 2 000 гектар яйлов яратмоқчимиз. Бу борадаги ишлар аллақачон бошланган. Айни пайтда Мўйноққа 800 гектар яйлов учун экин экилган.
МАВЗУГА ОИД МАЪЛУМОТ:
Қорақалпоғистоннинг Қораўзак ва Мўйноқ туманлари ҳудудларига кирувчи Ақбеткей массивида бир вақтлари денгиз бўлган. Илк бор денгиз ушбу ҳудудларда тортилиб кета бошлаган. Бундан 20 йиллар аввал ушбу Ақбеткей массивида Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) лойиҳаси асосида 80 минг гектарга (шундан 27 минг гектарига кўчат ўтқазиш орқали) чўл ўсимликларини экиш тадбирлари бошланган. Бугунги кунда ушбу ҳудудлар қалин ўрмонзорга айланган. Ўрмонда эса биохилма-хиллик ривожланган.
Меҳр Оролни қутқаради
9-11 январь кунлари Мўйноқ туманида қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида «Меҳр Оролни қутқаради» лойиҳаси ўтказилди. Минглаб ёшлар Оролнинг қуриб қолган майдонига саксовул кўчатларини экишда иштирок этди.
– Бундай ажойиб об-ҳавода саксовул экишнинг ўзгача завқи бўларкан, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев. – Дарахт экиш катта савоблардан бири деб тарбия қилишган бобо-бувиларимиз. Худо хоҳласа, бу бўш майдонлар саксовул, флора ва фауна билан тўлиб-тошса, бу – биз учун катта бахт! Яна бир муҳим жиҳат – ҳозирда саксовуллар экиляпти, лекин уни асраш учун ҳам етарлича билим керак. Шунинг учун биз махсус экобригадаларни тузиб, унда волонтёрлар билан ёрдам беришни режалаштирмоқдамиз.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши матбуот хизматининг маълумотига кўра, Оролнинг қуриб қолган майдонида саксовул кўчатлари экиш бўйича «Фидойи ёшлар отрядлари» тузилиб, «Орол ёшлари» доимий экспедицияси ва Орол денгизи бўйида ёшлар туристик зонасини ташкил қилиш, Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Марказий Осиё ёшларининг «Оролни қутқарайлик» мавзусида илмий-амалий конференциясини ўтказиш, Қорақалпоғистонни ижтимоий, иқтисодий ва инновацион ривожлантириш бўйича «Ёшларнинг инновацион ғоялари» саммити ташкил этиш бўйича қўшимча чоралар кўриш белгиланган.
Қорақалпоғистон ҳудудида қушларнинг 137 та янги тури аниқланди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан Қорақалпоғистон ҳудудида ўтказилган тадқиқот натижалари бўйича қушларнинг 137 та янги тури аниқланган. Жумладан, минтақа орнитофаунаси учун янги 10 та тур фанда расман қайд этилган.
Биология фанлари доктори Света Мамбетуллаеванинг таъкидлашича, Оролбўйи минтақасида аввал учрамаган бегунок, шарқ клушаси, узун думличиттак, кичикбалиқчи қуш, каттачиттак, кичикчипор қизилиштон, кулранг каклик, снегирь каби янги қуш турлари пайдо бўлган.
Кейинги пайтларда Қорақалпоғистон ҳудудидаги кўлларга фламинго қушлари кўпайиш учун ҳам кела бошлади. Жумладан, Мўйноқ қўлтиғидаги кўллар тизими бўлган Судочье, Сариқамиш, Жалтирбас, Шегекўл каби кўллар фламинголарнинг кўпайиши учун ниҳоятда қўлай жойлар ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон ҳудудида ҳисобга олинган 40 та қуш тури Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоби»га киритилган. Яқин вақтларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 885 минг гектар майдонга эга бўлган янги 4 та – «Судочье кўли тизими» (84,7 минг гектар), «Ақпеткей» (58,8 минг гектар) «Белтау» (188,3 минг гектар), «Междуречье Ақдарё – Қазақдарё» (22,2 минг гектар) буюртмахоналари ташкил қилиниши бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу буюртмахоналар биохилма-хилликнинг янада ривожланишига кенг имкон яратади.
Ўрмонзорликда қуш уялари қурилди
Нукус давлат педагогика институти олимлари ва кўнгилли ёшлар Қораўзак тумани ҳудудидаги илгари Орол денгизи бўлган Ақбеткей массивида пайдо бўлган саксовулзорлардан иборат ҳудудлардаги янги экологик ҳаёт билан танишиб, қушлар учун уялар қурди. Янги ҳаёт бошланган ушбу ҳудудга рамзий маънода кабутарлар келтирилиб, очиқликка қўйиб юборилди.
Ҳақиқатдан ҳам, бир вақтлар 15-20 метр тепаликда сув бўлган жойларда туриб, уни тасаввур қилиш жуда таъсирли. Талабалар инсоният омили билан қуриган денгиз тубида ўрмонзор пайдо бўлганига гувоҳ бўлиб, бугунги кунда Оролқумда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларнинг қанчалик муҳим эканлигини ҳис этмоқда.
Ўқув-танишув амалиётида иштирок этган ёшлар бундан 7-8 йил олдин орнитолог олимлар ва талабалар томонидан қурилган 100дан ортиқ уяларда қушлар макон қилганига гувоҳ бўлди.
«Қизил китоб»га киритилган ноёб ёввойи туёқлилар кўпайтирилиши мумкин
Қорақалпоғистонлик олимлар Ўзбекистон Республикасининг «Қизил китоби»га киритилган ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ёввойи туёқли ҳайвонлар (қулон, жайрон, Пржевальский оти, сайғоқ)ни Оролнинг қуриган майдонида ҳосил бўлган ўрмонзорларда ярим эркин шароитда кўпайтириш ва кейинчалик уларни ёввойи табиатга қайтариб юбориш бўйича лойиҳа таклифларини илгари сурмоқда.
– Лойиҳамиз мақсади – Оролбўйи ҳудудида туёқлиларнинг ноёб турларини сақлаш ва қайта тиклаш бўйича питомниклар яратишдир, – дейди лойиҳа ташаббускорларидан бири, Қорақалпоқ давлат университети Экология ва тупроқшунослик кафедраси доценти, биология фанлари бўйича фалсафа доктори Арзигул Кидирбаева. – Унда туёқлиларнинг ноёб турларини тиклашни таклиф қилмоқдамиз. Бунинг учун туёқлиларни ярим эркин шароитда сақлаш ва кўпайтириш технологиясини ишлаб чиқамиз. Шу орқали уларнинг захира сони яратилади. Питомникларда кўпайтирилган туёқлиларни бошқа қўриқхоналарга юбориш мумкин ёки уларни бошқа харидорларга сотиб даромад қилиш ҳам мумкин. Биз ҳозирда учта ёввойи ҳайвон турини кўпайтиришга мўлжалланган волъер мажмуаси лойиҳасини яратганмиз. Айнан Оролнинг қуриган тубида ҳосил бўлган ўрмонзорни танлаганимиздан сабаб, бу ерда табиий ўт-ем базаси мўл, табиий сув ҳавзаси – Жалтирбас кўли бор. Ҳозирда Оролбўйи халқаро инновация маркази билан бирга шу ҳудуддан беш минг гектар майдонни олишни режалаштирганмиз. Келгусида майдонни ўраб, туёқлилар учун озуқа экинларини экамиз.
Бундан 20 йиллар аввал Орол денгизининг қуриган тубида 28 минг гектар майдонда экилган саксовулзорлар орасида ҳозирда ҳайвонот ва қушларнинг кўплаб турлари пайдо бўлган. Бугун Оролнинг қуриган тубига экилаётган чўл ўсимликлари ҳам келгусида минтақада ниҳоятда яхши чўл экотизимининг яратилишига замин яратади.
Дарҳақиқат, денгиз чекиняпти, лекин инсон чекинмаяпти. Келгусида бу жойларда “яшил қоплама” – ўрмонзорлар барпо қилиниб, Оролбўйида янги ҳаёт бошланишига замин яратади.
ДАРВОҚЕ...
Жорий мавсумда Оролнинг қуриган майдонларида амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирларга 850 та техника жалб қилинган бўлиб, шундан 4та АН-2 самолётлари ишламоқда ва 1642 нафар ишчи кучлари ёрдамга келган.
Оролбўйи ҳудудида 272 та тур умуртқали ҳайвонлар мавжуд бўлиб, улардан 49 та тури йўқ бўлиб кетиш олдида турган турлар ҳисобланади. Шулардан 11 та тури балиқ, 12 та тури сут эмизувчи ва 26 та тури қушлардир.
Кейингиси
Танзила Нарбаева: Ўзбекистон халқаро меҳнат нормаларига риоя қилишга содиқлигини намоён қилмоқда
2020 йил 5 февраль куни пойтахтимизда “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўз ишини бошлади.
06.02.2020