Танзила Нарбаева: Ўзбекистон халқаро меҳнат нормаларига риоя қилишга содиқлигини намоён қилмоқда

2020 йил 5 февраль куни пойтахтимизда “Ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлида муносиб меҳнатни таъминлаш” мавзусида халқаро давра суҳбати ўз ишини бошлади.

Тадбир Олий Мажлис Сенати, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиллари, Халқаро миграция ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, дипломатик корпус вакиллари, “Cotton Campaign” халқаро коалицияси аъзолари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева тадбирни очар экан, кириш сўзида  Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда тобора фаоллашиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

“Ҳозирги кунга қадар мамлакатимиз ХМТнинг 17 та конвенцияси, шу жумладан барча 8 та асосий ва 4 та директив конвенцияларини ратификация қилган. 2019 йилнинг ўзида Ўзбекистон томонидан ХМТ нинг 3 та конвенцияси ва 1930 йилдаги мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли конвенциясига Баённома (Женева, 2014 йил 11 июнь) ратификация қилинган. Шу каби муҳим халқаро ҳужжатларга қўшилиб, Ўзбекистон халқаро меҳнат нормаларига риоя қилишга содиқлигини намоён қилмоқда”, - деди Сенат Раиси Т.Нарбаева.

Давра суҳбати давомида қатор долзарб масалалар муҳокама этилади: хусусан, иш ўринларини кенгайтириш, уларнинг сифатини ошириш ҳамда меҳнат бозорини бошқаришни амалга оширишнинг комплекс чора-тадбирларини татбиқ этиш, “ҳукумат-иш берувчи-касаба уюшмалари-фуқаролик жамияти фаолари” тизими асосида Ўзбекистонда пахта терими давридаги мажбурий меҳнат ҳолатларига буткул барҳам бериш каби йўналишларда фикр алмашилади.

Манба