Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон Ислом Республикасига расмий ташрифи доирасида Теҳрон шаҳрида инновациялар ва технологиялар ихтисослаштирилган кўргазмасига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбарига Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва бошқа расмий шахслар ҳамроҳлик қилди.
Кўргазмада Эроннинг йирик илм-фан ва ишлаб чиқариш компанияларининг юқори технологиялар ва инновациялар, машинасозлик, ускунасозлик, тиббий техника, фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, тўқимачилик тармоқларидаги маҳсулотлари тақдим этилган.
Ўзбекистон етакчиси компанияларнинг стендларини кўздан кечирди. Эрон саноатчилари турли турбиналар, дори воситалари ва уларнинг ингредиентлари, тиббий ускуналар, нефть катализаторлари ва сунъий матолар борасидаги энг янги ишланмаларини намойиш этди.
Давлатимиз раҳбари компаниялар раҳбарлари билан мулоқот қилди, янги технологияларнинг тақдимотлари билан танишди. Кўргазма билан танишув якунида ўзбекистонлик мутасаддиларга эронлик тадбиркорлар билан биргаликда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, мамлакатимизда Эрон технологиялари ва инновацион ечимларини жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳрида Эрон инновациялар ва технологиялар уйининг (IHIT) филиали очилди. Унинг фаолияти инновацион технологиялар ва илмий ишланмалар трансфери соҳасида мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Олдингиси
Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди
Олий даражадаги музокаралар якунлангач, икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
18.06.2023Кейингиси
Ўзбекистон Президенти Эрон Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан учрашди.
18.06.2023