Ўзбекистон Президенти Франциянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашди

Бугун, 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташрифи доирасида Париж шаҳрида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Тадбирда «MEDEF» Франция корхоналари ҳаракати бош директори Филипп Готье, «Airbus», «Orano», «Suez», «Alstom», «Total Eren», «EDF», «Schneider Electric», «Natixis» каби 20 тага яқин йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.

Президентимиз учрашув иштирокчиларини қутлаб, расмий ташрифнинг биринчи кунидаги тадбирлар ишбилармонлик масалаларига бағишланганига эътибор қаратди.

– Бу Ўзбекистон муҳим ва ишончли ҳамкоримиз – Франция билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши қатъийлигидан яна бир бор далолат беради, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугун Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилгани таъкидланди. Валюта бозори эркинлаштирилди, фойдани репатриация қилишга барча чекловлар бекор қилинди, банклар, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш дастури бошланди, давлат-хусусий шериклик механизмлари фаол жорий қилинмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ тадбиркорликни янада рағбатлантириш, сармоядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк дахлсизлигини таъминлаш ва бошқа йўналишларда аниқ чоралар амалга оширилмоқда.

- Ҳар бир инвестор Ўзбекистон деганда, энг аввало, барқарорлик ва келажакка ишончни тасаввур қилишига интилаяпмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Жаҳондаги бугунги беқарорлик шароитида манфаатларни ҳисобга олиш ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали ва конструктив шерикликни чуқурлаштириш тобора муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Шу маънода, Франция бизнесининг Ўзбекистон бозорига чиқиши учун катта истиқболлар очилмоқда. Мамлакатимизнинг жозибадорлиги Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича энг йирик давлатлиги, маҳсулотларимиз МДҲнинг улкан бозорига божсиз етказиб берилаётгани билан ҳам изоҳланади.

Ўзбекистон франциялик тадбиркорларни ишлаб чиқариш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш, имтиёзлар ва кафолатланган харидлар кўринишида қўллаб-қувватлаш ва бошқа кўмак чораларини тақдим этишга тайёр экани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, “яшил” энергетика, озиқ-овқат саноати, кимё ва автомобилсозлик, электротехника ва электроника тармоқлари, соғлиқни сақлаш соҳасини узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этди.

Шерикликни кенгайтириш режалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Франция ишбилармон доиралари вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Мамлакатимизда қайси аниқ лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини баён қилди.

Франция бизнес делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, давлатимиз раҳбари тадбиркорларни мамлакатимизга келиш ва Ўзбекистон инвестиция киритиш учун энг қулай жой эканига ишонч ҳосил қилишни таклиф қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистоннинг масъул раҳбарларига тадбирда билдирилган барча ташаббусларни ўз ичига олган ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари, аниқ муддатлари ва ижрочилари кўрсатилган Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.

Манба