Ўзбекистон Президенти Россия элчисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 март куни Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Владимир Тюрденевни мамлакатимиздаги дипломатик миссияси якунлангани муносабати билан қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Россиянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасига 11 йилдан ортиқ вақт мобайнида раҳбарлик қилиб келаётган элчи Владимир Тюрденевнинг икки томонлама дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Давлатимиз раҳбари элчи Владимир Тюрденевнинг Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Элчининг фаол иштироки ва кўмагида турли даражаларда тизимли мулоқот ва самарали алоқалар йўлга қўйилгани таъкидланди. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли ютуқларга эришилди. Хусусан, кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми ошди, йирик инвестиция лойиҳалари илгари сурилди ва амалга оширилмоқда, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ва ишбилармон доираларининг иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги кооперацияси кучайди.

Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув борасида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Россия етакчи олий таълим муассасаларининг 12 та филиали фаолият юритмоқда.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Россия элчисини давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшган катта ҳиссаси, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги фаол иштироки учун Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлади.

Владимир Тюрденев унинг дипломатик фаолиятига берилган юксак баҳо, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирди.

Манба