Ўзбекистон Президенти Тожикистон Бош вазирини қабул қилди

14 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро ҳамкорликда эришилган ҳозирги юксак даражани катта мамнуният билан қайд этди.

Қоҳир Расулзода Ўзбекистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда савдо, машинасозлик, энергетика, қазиб олиш саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, транспорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ҳудудлар ва бизнес даражасидаги фаол мулоқотлар ҳамда маданий-гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилади.

Тожикистон Бош вазири икки давлат раҳбарларининг бўлажак саммитига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўришга, шунингдек, биродар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кенг кўламли шерикликни мустаҳкамлашга бор куч-ғайратини қаратишини таъкидлади.

Манба