Ўзбекистон Президенти Туркманистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Бугун Тошкентдаги халқаро конференция дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.

Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимухамедовнинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Ўзбекистон етакчисининг Марказий ва Жанубий Осиё боғлиқлигини ривожлантириш борасидаги ташаббуслари юксак баҳоланди.

Икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг 6 август куни “Аваза” миллий туризм зонасида ўтказиладиган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди.

Афғонистонда қарор топаётган мураккаб вазият юзасидан фикр алмашилди.

Манба