Ўзбекистон Президенти ва ЕТТБ раҳбари кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиқдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 декабрь куни Бутунжаҳон иқлим саммити доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.

Ушбу нуфузли молиявий институт билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари жорий йил май ойида Самарқандда ўтган ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши йиғилишининг самарали натижаларини юксак баҳолади.

Банкнинг мамлакатимиздаги инвестициялари 3,5 миллиард евродан ошгани, лойиҳалар портфелининг 60 фоизи хусусий секторга тўғри келаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатимиз билан шериклик бўйича ишлаб чиқилаётган Шериклик стратегияси, энг аввало, кичик ва ўрта бизнес, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш, банк соҳасида хусусийлаштириш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишларда ҳамкорлик сифати ва кўламини салмоқли даражада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Келгуси йилда Хорижий инвесторлар кенгаши навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Манба