Ўзбекистон Президенти Хитой билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Хитой Халқ Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Цзян Янни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари элчининг Ўзбекистон-Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги сермаҳсул ишлари ва фаол саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қайд этди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муваффақиятли ўтди.

Кейинги бир неча йилда товар айирбошлаш икки баробар кўпайди, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони уч баробарга ошди. Йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича амалий ҳамкорлик бошланди.

Маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда, таълим, соғлиқни сақлаш, археология, туризм ва бошқа йўналишларда муҳим дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан икки томонлама муносабатларда бугунги даражага эришилишига қўшган шахсий ҳиссаси учун элчи Цзян Янь мамлакатимизнинг юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Манба