Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2020 йил 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Уни парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлисини 2020 йил 11 сентябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Сенат Раиси Т.Нарбаева давлатимиз раҳбари раҳнамолигида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, янги Ўзбекистонни қуриш йўлида катта саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганини таъкидлади. Қолаверса, одамлар билан мулоқот қилиб, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал қилинишига устувор аҳамият қаратиш лозимлигини билдирди. Шунингдек, ялпи мажлис кун тартибига киритиладиган ҳар бир масала юзасидан жамоатчилик фикрини эътиборга олиш, қолаверса, ҳудудлардаги муаммоларни доимий тарзда ўрганиб бориш ва уларни муҳокамага олиб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши режалаштирилган.  

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги, “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, илмий фаолиятни ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар ҳолати ҳақида ҳамда Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.  

Манба