Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитидаги нутқи

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Хонимлар ва жаноблар!

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитининг барча иштирокчиларини самимий қутлашдан мамнунман.

Учрашувимизни юқори савияда ташкил этгани учун Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич Тоқаев номига билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Шунингдек, Кенгаш фаолияти юзасидан бугун бу ерда билдирилган баҳоларни ҳам маъқуллайман.

Ўтган давр давомида ушбу тузилма хавфсизликни таъминлаш, Осиёда ўзаро ишонч ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан кенг ва очиқ мулоқот учун муҳим майдон сифатида ўзининг ғоят зарур эканини кўрсатди.

Форумимизни трансформация қилиш масаласи бўйича қўшма фаолиятда иштирок этишга тайёрлигимизни билдираман.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Бугун биз халқаро муносабатларда ноаниқлик тобора ортиб, мулоқот ва ишончнинг мисли кўрилмаган даражада тақчил бўлиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Буларнинг барчаси кўп томонлама ҳамкорлик асосларига путур етказмоқда, можароларнинг авж олишига сабаб бўлиб, глобал иқтисодиётда тизимли узилишларга олиб келмоқда.

Юзага келган янги геосиёсий воқелик бутун Осиё қитъаси барқарорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Инқирозли ҳолатлар Марказий Осиё давлатларига ҳам тўғридан-тўғри дахл қилмоқда, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича бизнинг саъй-ҳаракатларимизни секинлаштирмоқда.

Ушбу омилларнинг умумий хавфсизлик борасидаги манфаатларга, тараққиёт ва фаровонлигимизга таъсиридан келиб чиқиб, қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратишимиз зарур.

Биринчидан. Афғонистондаги вазият алоҳида эътиборни талаб этмоқда.

Афсуски, бошқа ўткир халқаро муаммоларнинг етакчи ўринга чиқиши натижасида Афғонистон масаласи иккинчи даражага тушиб қолмоқда. Ўтмишда ушбу давлат амалда халқаро террорчилик маконига айланиб қолгани билан боғлиқ аччиқ тажриба қайта такрорланишига асло йўл қўйиб бўлмайди.

Афғонистон муваққат ҳукумати билан ўзаро ҳамкорлик бўйича умумий ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқишимиз зарур. Афғон муаммоси юзасидан кенг консенсусга эришиш ва глобал даражада амалий чора-тадбирларни қабул қилиш мақсадида Афғонистон ҳукумати билан томонларнинг ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажаришига қаратилган алгоритм, яъни тартиб-қоидани ишлаб чиқиш ва келишиш лозим. Бунинг учун юқори даражада халқаро музокаралар олиб борадиган гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббус ифода этилган Осиё мамлакатларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига биргаликдаги мурожаатида мужассам бўлган имкониятларни кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Иккинчидан. Биз радикал ғояларнинг кенг хуружига янада кўпроқ тўқнаш келмоқдамиз.

Бузғунчи кучлар тарғибот ва мафкуравий таъсирнинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда, экстремистик ташкилотларга ёшларни фаол жалб этмоқда. Шу муносабат билан ёш авлодни радикализмдан асраш, уларнинг куч-ғайрати ва азму шижоатини бунёдкорлик сари йўналтириш учун тизимли ҳамкорликни ўрнатишимиз керак. Ўғил-қизларимиз ўз кучига ишониши, адолатли келажакни қарор топтиришдаги ўз иштирокини ҳис этиши, салоҳият ва орзу-умидларини амалда рўёбга чиқариш имкониятларига эга бўлиши лозим.

Мажлисимизнинг Ёшлар кенгаши ҳамраиси сифатида турли ёшдаги инсонлар ўртасида бир-бирини яхшироқ тушунишга даъват этадиган, фарзандларимизнинг энг долзарб муаммоларига биргаликда ечим излашга кўмаклашадиган янги форматдаги фаолиятни – авлодлар мулоқотини йўлга қўйишни таклиф этамиз. Бундай илк учрашувни Ёш етакчилар форуми доирасида 2023 йил апрель ойида Самарқандда ўтказишга тайёрмиз.

Учинчидан. Бугунги учрашувимиз кун тартибидаги муҳим масала – иқтисодиётларимизнинг глобал инқирознинг кучайиб бораётган салбий оқибатларига мослашувидан иборатдир.

Бу борада протекционизмнинг кучайишига, глобал бозорларни беқарор қиладиган янги чекловларнинг жорий этилишига йўл қўймаслик; Осиё қитъасида ўзаро боғлиқликни биринчи галда ишлаб чиқариш-логистика занжирини, Марказий Осиёни Жанубий ва Шарқий Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ билан самарали боғлайдиган транспорт йўлакларини яратиш ҳисобидан кучайтириш муҳимдир.

Тўртинчидан. Жаҳон саноат инқилобининг янги босқичига ўтишнинг асоси бўлган билимлар иқтисодиётини ривожлантириш барқарор тараққиётга қарши қаратилган таҳдидларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Инновациялар трансфери соҳасидаги салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш, рақамлаштиришни фаол рағбатлантириш, “булутли” технологиялар, сунъий интеллект, “буюмлар Интернети”ни ривожлантириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу йўналишларда Осиё мамлакатлари глобал даражада етакчи бўлишга биргаликда эришиш учун барча имкониятларга эгадир.

Бешинчидан. Қитъамизнинг кўплаб давлатлари истеъмол маҳсулотларининг асосий импорт қилувчилари ҳисобланади ва озиқ-овқат инқирозининг оқибатларини жуда ўткир ҳис этмоқда.

Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан бизнинг мамлакатларимиз жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади.

Шу муносабат билан бугунги кунда қуйидаги йўналишларда янгича ёндашувлар, айниқса, зарурдир. Булар озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо-сотиқнинг ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича яхлит тизим яратишдан иборат.

Ушбу барча масалаларни ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилишни таклиф этаман.

Олтинчидан. Экология ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришни ҳамда мамлакатларимизни жадал кўкаламзорлаштириш ва экотизимлар боғлиқлигини қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича “Яшил Осиё” концептуал дастурлари доирасида доимий эксперт маслаҳатлашувларини йўлга қўйишни таклиф этаман.

Ҳурматли дўстлар!

Ишончим комилки, замонавий таҳдидларни фақатгина мулоқот, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилиш орқали самарали енгиб ўтиш мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз илгари сурган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик борасидаги Самарқанд ташаббусларининг асосий мақсади инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва биргаликда тараққиётга эришиш учун интилаётган барча соғлом кучларни амалий мулоқотга жалб этишга қаратилгандир.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Саммит иштирокчилари!

Биз Қозоғистоннинг Кенгашга 2024 йилга қадар раисликни давом эттириш ҳақидаги истагини қўллаб-қувватлаймиз ва қозоғистонлик дўстларимизга омадлар тилаймиз.

Ишончим комил, шериклик ва ишончни мустаҳкамлаган ҳолда, умумий интилишларимиз билан биз эзгу мақсадларга – мамлакатларимиз тинчлиги, барқарорлиги ва равнақини таъминлашга эришамиз.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Манба