Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши

2020 йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, пандемия аввало ижтимоий-иқтисодий йўналишларда  қатор муаммоларни юзага чиқарди. Уларни ҳал қилиш ушбу соҳаларнинг ҳуқуқий негизини тубдан такомиллаштиришни назарда тутади. Айниқса соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини ошириш, тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, иқтисодиёт тармоқларини фаоллиги ва барқарорлигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлиси Сенати Кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибига парламент юқори палатаси аъзолари,  Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари киритилди.

Шунингдек, Сенат Кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унда маҳаллий бюджетларни шакллантириш тизимларини такомиллаштириш, молия ва банк хизматларини кўрсатишда масофавий хизмат турларини ривожлантириш каби йўналишларда қонунчилик асосларини шакллантириш бўйича чоралар белгиланган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатишдаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларини электрон тарзда расмийлаштириш, электрон шартномалар тузиш тартиб-таомилларига оид норматив-ҳужжат ишлаб чиқиш каби бошқа аниқ вазифалар қўйилди. 

Ўз навбатида ишчи гуруҳ зиммасига Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режасини масъул ижрочиларга етказилишини, унинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, ишчи гуруҳ амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириб, ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгашига ахборот киритиб борилишини таъминлаши ҳам белгиланди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳуқуқ соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари республикамизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқ. Шу жиҳатдан қонун ҳужжатларининг мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишларига мос бўлиши олиб борилаётган барча ишлар муваффақиятини таъминлайди.   

Манба