Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбарлари муқаддас Рамазон ойи бошлангани билан бир-бирини самимий табриклаб, биродар Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аввал эришилган келишувлар амалга оширилишининг бориши батафсил муҳокама қилинди.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларини илгари суришга, шу жумладан Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини бошлаш, Қамбарота 1-гидроэлектр станцияси ва “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича инфратузилмавий лойиҳаларни жадаллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий-гуманитар соҳадаги сермаҳсул алмашинувлар ва қўшма дастурлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қабул қилинган қарорларни сўзсиз бажариш мақсадида ҳукуматлар даражасида фаол мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқдилар. Минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва дўстона руҳда ўтди.
Олдингиси
Инсон қадрига қаратилган масалалар ижроси кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни ички йўлларни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчатлар экиш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш масалалари ижроси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
08.04.2022Кейингиси
Ислом цивилизацияси маркази - халқимизнинг маънавий қудрати тимсоли
2018 йил 15 июнь, Рамазон ҳайити куни Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги муборак Рамазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага яна ташриф буюрди.
08.04.2022