Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 май куни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.

Етакчилар муқаддас Рамазон ҳайити билан бир-бирини самимий қутлаб, мамлакатларимизнинг биродар халқларига тинчлик-осойишталик, бахт-саодат, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги музокаралар якунида қабул қилинган битимлар ва эришилган келишувларнинг амалга оширилиши батафсил муҳокама қилинди.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳалари ва бошқа йўналишларда устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбарлари ҳудудлар ўртасидаги мулоқотларни фаоллаштириш ва маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш зарурлигини таъкидладилар.

Ўзаро лойиҳалар ва кўп қиррали ҳамкорлик дастурларини амалга оширишни жадаллаштириш учун икки мамлакат ҳукуматлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш ва мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек ишонч ва дўстлик руҳида ўтди.

Манба