Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 5 сентябрь куни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Дунёда иқлим ўзгараётгани, кўп жойларда қурғоқчилик бўлгани оқибатида озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилмоқда. Бунинг устига, халқаро майдондаги вазият туфайли маҳсулот ишлаб чиқариш ва етказиб бериш мураккаб бўлиб бормоқда.
Давлатимиз раҳбари бу масалага аввал ҳам эътибор қаратиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлларини кўрсатган эди. Хусусан, йил бошида 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, егулик маҳсулотлар етишитириш учун аҳолига ажратиб берилди. Бунинг натижасида 785 минг киши иш билан таъминланиб, 3 триллион сўмлик 1 миллион 500 минг тонна қўшимча озиқ-овқат ҳосили олинди.
Бу ишларни давом эттириш мақсадида халқимиз ризқ-рўзи учун яна 20 минг гектар ер ажратиш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Келгуси йилда яна қўшимча 100 минг гектар экин майдони аҳолига танлов асосида берилади. Бунинг ҳисобига қўшимча 1 миллион 200 минг аҳолини банд қилиш мумкин бўлади.
Йиғилишда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, ички имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Масалан, мамлакатимизда картошкага бўлган йиллик эҳтиёж 3 миллион 400 минг тоннани ташкил қилади. Шундан 20-25 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистонга йилига қўшимча 100 минг тоннага яқин, Навоий вилоятига 45 минг тонна, Жиззах вилоятига 35 минг тонна картошка етишмайди.
Ёки, ўсимлик ёғига йиллик эҳтиёжимиз 515 минг тонна бўлиб, бунинг 46 фоизи хориждан олиб келинмоқда. Юртимиздаги ёғ-мой корхоналари эса тўлиқ қувватда ишламаяпти.
Умуман, ички бозорда 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таъминоти импортга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга ушбу маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг мавсумий ўзгаришлари ҳам сезиларли. Чунки қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 50 та туманда музлаткичли омборлар етишмайди. Умуман, бугунги кунда мавжуд сақлаш қувватлари 1,5 миллион тоннани ташкил этиб, жами етиштирилаётган маҳсулотларнинг 7 фоизига ҳам етмайди. Бу албатта “нарх ўйнаши”га таъсир қилади.
Шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокимларига мазкур 50 туманда сақлаш қувватларини кескин ошириш бўйича топшириқ берилди.
Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига озиқ-овқат маҳсулотлари майдонини 300 минг гектарга етказиш, экинларни аҳоли талаби ва импорт таҳлилидан келиб чиқиб оқилона жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари видеоалоқа орқали жойлардаги мутасаддилар, тадбиркор ва деҳқонлар билан мулоқот қилди. Хусусан, қашқадарёлик ва фарғоналик миришкорларнинг молия масалаларини енгиллаштириш бўйича фикрларини қўллаб-қувватлади. 15 сентябрдан бошлаб, ҳоким ёрдамчилари тавсиясига кўра, сабзавот, дуккакли ва мойли экинлар бўйича уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликлар ҳимояси ҳамда айланма маблағ учун 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш йўлга қўйилиши белгиланди. Бу маблағларнинг ярмини нақд пулда ажратишга ҳам рухсат берилади. Бунинг учун Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.
Мева-сабзавотчиликни кредитлаш бўйича ҳам янги тизим жорий қилинади. Энди картошка, сабзавот, ёғ-мой экинлари экадиган кластер ва деҳқонларга ҳосилни суғурталаш харажатининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Бундан буён пахта ва ғалладаги каби, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда ҳам суғурта полиси кредит таъминоти ҳисобланади. Бу янгилик кўплаб деҳқонларнинг ишини осонлаштиради.
Маҳсулотлар мўл-кўл бўлиши сифатли уруққа ҳам боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича ҳар йили 300 минг тонна картошка, 6 минг тонна дуккакли ва 11 минг тонна мойли экинлар уруғини тайёрлаш зарур.
Бу борада яхши тажрибалар ҳам талайгина. Масалан, Самарқанд вилояти Оқдарё туманида тадбиркорлар 450 центнергача ҳосил берадиган элита картошка уруғи етиштирмоқда.
Президентимиз бу тажрибани кенгайтириб, хусусий сектор билан бирга, дуккакли ва мойли экинлар уруғчилигида ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Ҳар бир вилоятда камида биттадан интенсив сабзавот кўчатчилик хўжалиги ташкил этиш, ҳосилдор ерларнинг барчасини интенсивга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда қиш-баҳор ойларида мева-сабзавотлар нархини барқарор сақлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳсулотларни сақлаш ва ташиш имкониятларини кенгайтириш учун юк машиналари, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилишга ҳам имтиёзли кредит ажратиш таклифи билдирилди.
Президентимиз бу таклифни қўллаб-қувватлади. Ушбу мақсад учун тижорат банкларига 140 миллион доллар ажратилгани, яна 330 миллион доллар йўналтириш имконияти борлиги қайд этилди.
Агрологистика лойиҳаларида юк автомобиллари харидини ҳам назарда тутиш, иссиқхона эгаларига енгилликлар бериш муҳимлиги таъкидланди.
“Агролизинг” акциядорлик жамиятини трансформация қилиб, деҳқон ва фермерларга молиявий кўмакчи бўладиган тизимга айлантиришга кўрсатма берилди.
Томорқачиликни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳам кўриб чиқилди. Кўчма музлаткичлар учун ер майдонларини ижарага бериш муддатларини узайтириш, аҳолига ўсимликларни ҳимоя қилишда кўмаклашиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари жойларда кўзбўямачиликлар, қўшиб ёзиш ҳолатлари учраётганини кескин танқид қилиб, соҳа мутасаддиларини огоҳлантирди.
Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, фермер ва деҳқонларнинг бу борадаги муаммоларини ҳал қилиб, уларга кўмаклашиш асосий вазифа экани таъкидланди.
Олдингиси
Биринчи Президентимизга ҳурмат ўз тарихимизга ҳурмат ифодасидир
Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
02.09.2022Кейингиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ элчисини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 сентябрь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Америка Қўшма Штатлари Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди.
07.09.2022