Пойтахтимизда биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ўз ишини бошлади. Форумнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Сессияда, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль-Рено Бассо, Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава, Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, Жаҳон савдо ташкилоти вице-президенти Сянчен Чжан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Халқаро молия корпорацияси вице-президенти Стефани фон Фридербург қатнашадилар. Тадбирда BBC World News халқаро телеканалида янгиликлар бошловчиси сифатида танилган, ҳозирда эса Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг коммуникация масалалари бўйича директори лавозимида фаолият юритаётган Жонатан Чарльз модераторлик қилди.
Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини қутлаб, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳот ва янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди ҳамда юртимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистон замини қадимдан Осиё, Европа ва Африка қитъаларининг карвон йўллари туташган ҳудуд сифатида машҳур бўлгани, кўп асрлар давомида дунёнинг турли минтақаларидаги савдогар, ишбилармон ва тадбиркорлар эътиборини ўзига тортиб келгани қайд этилди.
Уч минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакатимиз узоқ давр мобайнида дунёнинг савдо, иқтисод, илм-фан, маданият ва санъат юксак равнақ топган марказларидан бири бўлиб хизмат қилган.
Ушбу анъаналарнинг давоми сифатида “Буюк ўтмишдан – буюк келажак сари” тамойили асосида иқтисодий-ижтимоий ривожланишимизни жадал давом эттириш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини санаб ўтди.
Хусусан, 2017 йилда катта қадам ташланди – хорижий валютани конвертация қилиш, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш бўйича чекловлар бекор қилинди Банк ва йирик корхоналаримиз илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиқдилар.
Халқаро ҳамжамият учун очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилди, яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бу кўрсаткичлар бўйича мамлакатимиз минтақадаги энг очиқ давлат мақомини қўлга киритди.
Коррупцияга қарши курашиш ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2020 йилда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий стратегияси қабул қилинди ва тарихда биринчи марта мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиб сайланди.
Фуқаролик жамиятини барпо этиш, сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришда эришилган муваффақиятлар қайд этилди. Хусусан, сўнгги 5 йилда мамлакатимизда 21 мингдан ортиқ янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, 200 га яқин янги мактаблар барпо этилди, 3 мингдан ортиқ мавжуд мактаблар эса реконструкция қилинди ва тўлиқ жиҳозланди. Шу ўтган қисқа даврда 82 та янги университет ва институт, жумладан, 23 та хорижий олийгоҳ ташкил этилиб, олий таълим даргоҳларининг умумий сони 159 тага етди. Натижада мактаб битирувчиларининг олий таълим билан қамров даражасини олдинги 9 фоиздан 28 фоизгача етказишга эришилди
Иқтисодиётни ислоҳ қилишда, жумладан, солиқ юкини енгиллаштириш, божхона божларини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилашдаги натижалар ҳам санаб ўтилди.
Натижада иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди. Бунинг ҳисобига 59 мингта инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши 2,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига муносиб ҳисса қўшди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий йўналишларига батафсил тўхталди. Булар - мамлакатда иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш чораларини изчил давом эттириш, ихчам ва юқори натижадор, бизнесни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат бошқари тизимини яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги роли ва улушини кескин қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантириш, инвесторлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлаш, инфратузилмани жадал ривожлантириш ва модернизация қилиш, маҳаллий хомашё негизида юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, инсон капиталига сармоя киритиш, ташқи савдони либераллаштириш ва гендер тенгликни таъминлаш.
Умуман олганда, амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказиш кўзда тутилгани таъкидланди. Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришиш мақсад қилиб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари инвесторлар учун энг қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, хорижий ҳамкор ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасидаги ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.
Сўзининг якунида Президентимиз иштирокчиларга форум иши муваффақиятли, ҳамкорлик эса самарали бўлишини, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришишни тилади.
Сессия давомида халқаро молиявий институт ва ташкилотлар раҳбарлари сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг ривожланиш истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Форумнинг шўъба сессиялари ва мунозараларида Ўзбекистоннинг инвестициявий, иқтисодий ва саноат салоҳияти, минтақавий ва глобал савдо алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, инвестицияларни жалб қилиш, савдони либераллаштириш ва миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш; мамлакатимизни индустриаллаштириш бўйича галдаги қадамлар, саноатни юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтириш, миллий энергетика тармоғини трансформация қилиш ва муқобил энергия манбаларига ўтиш чоралари, минтақа мамлакатларининг транспорт жиҳатидан боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва транзит салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинади.
Ковиддан кейинги даврда иқтисодий фаолликни тиклаш ва унинг жадал ривожланишини рағбатлантириш, камбағалликни қисқартириш, пул-кредит сиёсатини тартибга солиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, банк соҳаси ва молия бозорини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Форум дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги Савдо, иқтисодиёт, фан ва технологиялар, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 5-йиғилиши, “Саноат кооперацияси. Янги имкониятлар” мавзусидаги Ўзбекистон-Хитой инвестиция форуми ҳамда халқаро молиявий институтлар, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари раҳбарлари ва тараққиёт бўйича ҳамкорлар иштирокида Ўзбекистон бўйича мамлакат платформаси бўлиб ўтади.
Тошкент халқаро инвестиция форуми 26 март куни ўз ишини якунлайди.
Олдингиси
Ўзбекистон Президенти Россия делегацияси билан ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни Татаристон Президенти Рустам Минниханов бошчилигидаги Россия Федерацияси делегациясини қабул қилди.
23.03.2022Кейингиси
Сурхондарёда иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида яна бир муҳим воқеа – Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди.
24.03.2022