Президент Шавкат Мирзиёев “Бухоро Агрокластер” тизимидаги бир қатор корхоналар фаолияти билан танишди.
Хусусан, Бухоро шаҳридаги “Бухоро Агрокластер ДЗЗ” корхонасида сутни қайта ишлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилган. 6,2 миллион доллар инвестиция эвазига қаровсиз майдонда замонавий мажмуа барпо этилиб, Италия ва Россиядан ускуналар келтириб ўрнатилган. 2021 йилда очилган корхонада бугунги кунда йилига 22 минг тонна сут қайта ишланмоқда. Ундан тайёрланаётган кефир, сут, пишлоқ, йогурт, қаймоқ, сметана каби маҳсулотларнинг тури қирқтадан ортиқ. 150 нафар аҳоли иш билан таъминланган.
Президент бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотларни кўздан кечирди.
Иш кўлами ва даромаднинг ортиши кластер фаолиятининг кенгайишига хизмат қилди. Мажмуа ҳудудида янги иншоотлар қурилди. Хусусан, корхона тизимида ер майдонлари унумдорлигини аниқлаб берувчи замонавий лаборатория ишга туширилди. У Германиянинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган, тупроқ таркибидаги қирқдан ортиқ, сув таркибидаги ўнга яқин кўрсаткичларни аниқлаш имконига эга.
Бухоро вилояти экин майдонларининг шўрланганлик даражаси бошқа ҳудудларга нисбатан юқори. Ҳосилдорликка эришиш учун тупроқ таҳлили ниҳоятда зарур. Бу лабораторияда тупроқнинг кимёвий таркиби ўрганилиб, шу орқали ўсимликларнинг минерал ва органик ўғитларга бўлган талаби аниқланади. Тупроқ хоссалари, шўрланиш даражаси ҳам чуқур ўрганилади. Унинг натижалари асосида ерни меъёрлаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилади.
Бу ерда шакллантирилган маълумотлар корхонанинг яна бир лойиҳаси – “Agro Smart Map Uz” платформасига юклаб борилади. Шу маълумотлар асосида ер эгалари керакли агротехнологик тавсиялар олади.
Давлатимиз раҳбари лабораториядаги шароитлар билан танишди. “Бухоро Агрокластер”нинг навбатдаги лойиҳалари ҳақида ахборот берилди.
Олдингиси
Акрил тола - Янги Ўзбекистонда янги йўналиш
Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Когон туманидаги “Сиёвуш текстил” корхонаси фаолияти билан танишди.
10.08.2023Кейингиси
Президент Ромитандаги маҳаллада меҳмон бўлди
Давлатимиз раҳбари Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Қаҳрамон маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди.
10.08.2023