Президент Шавкат Мирзиёев 16 март куни Давлат солиқ қўмитасининг Маълумотларни қайта ишлаш марказини бориб кўрди.
Мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, инсон аралашувини камайтириш мақсадида солиқ органлари фаолияти изчил рақамлаштирилмоқда. Хусусан, ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги фармонига мувофиқ, тўлиқ янгиланди. Давлат бюджетидан ажратилган 100 миллиард сўм эвазига бинолар таъмирланиб, узлуксиз электр таъминоти қурилмалари, прецизион кондиционерлар, катта ҳажмли сервер ва компьютерлар билан жиҳозланди.
Натижада марказ қуввати 8 мартага ошди, электрон хизматлар кўлами кенгайди. Шахсий карточкаларда сальдо қаторларини ҳисоблаш каби мураккаб жараёнлар 10 баробар тезлашди. Масалан, илгари республика бўйича ҳисоблашга 24 соат кетган бўлса, эндиликда бу жараён 2-3 соатда амалга оширилмоқда. Бу яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим омил бўлмоқда.
Киберҳужумдан ҳимоя, бизнес-аналитика технологиялари жорий қилинди. “e-ijara”, “e-imtiyoz”, “Қўшилган қиймат солиғи тўловчилари”, “Солиқ текширувлари”, “Автоматлаштирилган камерал назорат тизими”, “Солиқ узилиши коэффициенти” каби янги дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқилди.
Бу марказни мамлакатимиз солиқ тизимининг “мияси” дейиш мумкин. Бу ерга барча солиқ тўловчиларнинг маълумотлари интеграция қилинган. 50 нафарга яқин малакали мутахассис солиқ айланмасини онлайн режимда кузатиб, масофадан тезкор хизмат кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари марказдаги иш жараёнини кўздан кечирди. Солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берди.
Кейингиси
Солиқ юкини камайтириш ва соҳани рақамлаштириш вазифалари белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасида соҳани такомиллаштириш бўйича навбатдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
17.03.2022