Президент мактаб-интернатни бориб кўрди

Давлатимиз раҳбари Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатни бориб кўрди.

Мазкур таълим муассасаси 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, 2016 йилда капитал таъмирланган. Айни пайтда бу ерда 221 нафар ўқувчи тарбияланмоқда. Уларга олий маълумотли дефектолог ва тарбиячилар сабоқ бермоқда. Ўтган йили 21 нафар битирувчидан 3 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Мактаб-интернатда 4 та ўқув биноси, 280 ўринли ётоқхона, ошхона, кутубхона, спорт зали, фаоллар зали мавжуд.

Давлат раҳбари ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Тарбияланувчиларнинг машғулот жараёнларини кўздан кечирди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига мактаб-интернатнинг ошхонаси ва технология хоналарини таъмирлаш, спорт комплекси ва ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Халқ таълими вазирлигига “Замин” жамғармаси билан бирга 2 минг 600 дан зиёд заиф эшитувчи болаларни тиббий текширувдан ўтказиб, уларни эшитиш мосламалари билан таъминлаш, эшитиш қобилияти тикланган болаларни босқичма-босқич умумтаълим мактабларига ўтказиш вазифаси қўйилди.

Манба