Президент Нукусдаги маҳаллада меҳмон бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги “Чимбой гузари” маҳалласида бўлди. 

Аҳолининг турмуш шароитларини кўриш учун айнан шу жойга келингани бежиз эмас. Одамлар бу ерга 2000-йиллардан ўрнаша бошлаган. Уйлар режасиз қурилгани сабабли кўчалар тартибсиз бўлиб қолган, электр энергияси ва ичимлик суви етишмасди. 

Ҳозирга келиб маҳалла аҳолиси 14 мингдан ошган. Бу ерда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масаласи долзарб бўлиб борди. Ва ҳудуд яқинда «Обод маҳалла» дастури доирасида ободонлаштирилди. Кўчалар таъмирланиб, пиёдалар йўлакчаси қурилди.

Трансформатор ва устунлар ўрнатилиб, электр тармоқлари тортилди. Ариқлар тозаланиб, дарахтлар экилди.

Маҳаллада иш жойи ва тиббий хизмат йўқ эди. Шу боис енгил конструкциядан тўқимачилик корхонаси ташкил этилди. Бу ерда 300 дан ортиқ хотин-қиз иш билан таъминланди. Давлатимиз раҳбари улар билан суҳбатлашди.

- Маҳалладаги ўзгаришларни, сизларнинг ишли бўлганингизни кўриб, хурсанд бўлдим. Қўлида ҳунари бор аёлнинг кайфияти яхши, оиласи ҳам барқарор бўлади. Бундай ишларни ҳали кўп қилишимиз керак. Албатта, қийин бўлади. Лекин биз бир оиламиз. Бирлашиб, ҳамма режаларни амалга ошира оламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бу ерда маҳалла маркази қуриш, шаҳардаги бошқа оғир ҳудуддарни ҳам обод қилиш бўйича кўрсатмалар берди. 

Шу ердаги тиббий хизмат пункти ҳам кўздан кечирилди. Қорақалпоғистонда янги клиникалар қуриш, тиббиёт кластерлари ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.  

Маҳалланинг “Кўктепа” кўчасидаги 8 та уй намунавий хонадонга айлантирилган. Ҳовлилар тартибга келтирилиб, иссиқхоналар қурилган. Президент улардан бири - Габит Жусупов хонадонида меҳмон бўлди.

- Кечадан бери Қорақалпоғистоннинг энг узоқ, энг оғир ҳудудларига бораяпиз. Ҳозир менга айтишди: Нукусда шароити ёмон яна еттита маҳалла бор экан. Уларни ҳам обод қилиш, йўлини, сувини, электрини тўғрилаш бўйича режаларни белгиладик, - деди давлатимиз раҳбари.

Манба