Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти фаолияти билан танишди.
Бугунги кунда университетда 25 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Бу ерда тўртта – Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, Туркология илмий-тадқиқот институти ҳамда Биокимё институти ташкил этилган.
Биокимё институти жорий йилда университетнинг биология ва кимё факультетлари негизида очилди. Бунинг учун кенг кўламли қурилиш қилиниб, еттита янги бино қурилди. Жумладан, жами мингдан ортиқ ўринга эга 2 та ўқув биноси, мажлислар зали, оранжерея-иссиқхона, биологик тадқиқотлар лабораторияси – виварий, ботаник тадқиқотлар лабораторияси – гербарий ҳамда талабалар ошхонаси барпо этилди.
Аҳамиятлиси, шу тариқа икки йўналиш мутахассисларига бир майдонда илмий изланишлар олиб бориш имкони яратилди. Бу биология ва кимё йўналишидаги инновациялар интеграциясини янги босқичга олиб чиқади.
Давлатимиз раҳбари институтдаги ўқув хоналари, оранжерея, илмий лабораториялардаги шароитлар билан танишди. Профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилди.
Улар истиқболда онкологик дори воситаларининг кимёвий трансформацияси асосида хавфли ўсмаларга қарши танлаб таъсир этадиган янги дори воситаларини яратиш режаси ҳақида сўзлаб берди.
Президент институт олимларини чет элда малака оширишга юбориш, фармацевтика ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ғўза, узум, доннинг янги навларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Бугунги кунда Биокимё институтида 8 та таълим йўналишида 2 минг 800 нафар талаба таълим олмоқда. Умуман, университетда 12 та илмий ва 67 та ўқув лаборатория бор.
Олдингиси
Шавкат Мирзиёев: Мақсадимиз - ҳар бир ёшга муносиб шароит яратиш
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабини кириб кўрди. Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди. Бу борадаги энг муҳим соҳалардан бири таълимдир. Шу мақсадда янги муассасалар қуриш билан бирга таълимнинг мазмунини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда.
24.08.2023Кейингиси
Самарқанд туманида қурилаётган мажмуада 10 мингга яқин иш ўрни бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган савдо, саноат ва сервис мажмуасининг қурилиш майдонида бўлди. Унинг ҳудуди 37 гектар. Бу ерда умумий қиймати 2 триллион 79 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
24.08.2023