Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.
Маълумки, бу улуғ бобомиз мақбараси ислом олами учун табаррук зиёратгоҳлардан бири. Бугунги кунда мажмуа шунга муносиб қилиб қайта қурилмоқда. Қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилмоқда. Мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхоналар қурилади.
Давлатимиз раҳбари шу борадаги ишларни кўздан кечирди, зиёратчиларга барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
– Иншооллоҳ, бу мажмуа очилганидан кейин зиёратчилар янада кўпаяди. Айниқса, нуронийлар кўп келади. Улар учун барча қулайликларни инобатга олиш керак. Бу жой нафақат диний ва маърифий, балки улкан маданий марказ ҳам бўлиши зарур. Шу боис энг яхши гулчиларни олиб келиб, мажмуани қишин-ёзин гулзор қилиб қўйиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Буткул янгича қиёфа касб этаётган мажмуа зиёрат туризмининг йирик марказларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжудлиги, улардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Президентимиз Самарқанд туманида барпо этилаётган Туризм марказини ҳам бориб кўрди.
Бу ерда 8 та меҳмонхона, конгресс холл, «Абадий шаҳар» карвонсаройи қурилмоқда. Эшкак эшиш канали тартибга келтирилиб, атрофда боғ яратилмоқда.
Умуман, ушбу мажмуа туризм соҳасидаги барча халқаро стандартларга мослиги, энг замонавий хизмат кўрсатиш салоҳияти билан нафақат Самарқанд вилояти ва мамлакатимиз, балки бутун минтақада туризм индустриясини янги босқичга кўтаради.
Давлатимиз раҳбари бу ерда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш учун замонавий шароитлар яратиш, халқимизнинг маданияти, маърифати, миллий таомларини намоён этиш бўйича тавсиялар берди.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Кейингиси
Озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун қўшимча имкониятлар белгиланди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 июль куни озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни ва аҳоли даромадларини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
18.07.2022