Ўзбекистон Президенти хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашди

Будапешт шаҳрида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич ва Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан суҳбатлашди.

Икки томонлама амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, етакчилар жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасида 100 метр масофага югуриш бўйича финал баҳсини томоша қилдилар.

Енгил атлетика бўйича XIX жаҳон чемпионати Будапешт шаҳрининг Енгил атлетика миллий марказида 2023 йил 19 август куни бошланган бўлиб, 27 августгача давом этади. Медаллар спортнинг 49 тури бўйича, шу жумладан эркаклар ва аёллар ўртасида 24 тадан йўналишда ҳамда аралаш эстафетада ўйналмоқда. Мусобақаларда 190 дан зиёд мамлакатдан 2 минг нафардан ортиқ спортчи қатнашмоқда.

Чемпионатда Ўзбекистондан 5 нафар атлетимиз спортнинг баландликка сакраш, уч хатлаб сакраш, узунликка сакраш, еттикураш ва марафон каби турларида куч синашмоқда.

Ғолиблар ҳамда олимпия нормативларини бажарган спортчилар 2024 йилда Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Манба