Президент Шавкат Мирзиёев Избоскан туманидаги “Рустамжон Замин ривожи” фермер хўжалиги даласида ғалла ҳосилини кўрди.
Хўжаликда 55 гектардан зиёд ерга буғдой экилган. Унинг ҳар гектаридан 72 центнердан зиёд ҳосил олиш кутилмоқда. Шундан 177 тонна давлат ресурслари учун сотилади, 225 тонна ўз ихтиёрида қолади.
13 гектарда ёмғирлатиб суғориш жорий қилинган. Ғалладан бўшаган майдон такрорий экин экиш учун 200 нафар аҳолига ажратиб берилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ғалланинг нави, ҳосилдорлиги билан қизиқди.
- Ғалла ҳосилдорлигини 100 центнерга чиқариш чораларини кўриш керак. Шунда фермернинг ҳам, ишчиларининг ҳам даромади ошади. Даромади кўпайса, фермер илмга эътибор беради, янгича ишлашга ўтади, қўни-қўшнисига, ёшларга фойдаси тегади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда вилоят фермерлари, ёшлар вакиллари билан мулоқот бўлди.
- Бугун Андижонга келишимдан мақсад одамлар ислоҳотларнинг фойдасини сезяптими, рўзғорида ўзгариш бўлдими, халқни рози қилиш учун яна нималар қилиш керак, деган саволларга жавоб топиш, - деди Президент. - Юриб кўряпман, албатта, ўзгариш бор. Лекин бу бизни қониқтирмайди. Янада кўпроқ ишчи жойлар, маҳаллаларда шароитлар қилишимиз керак.
Учрашувда қишлоқларда саноатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хонадонларда паррандачилик, томорқачиликни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз борди.
- Ислоҳотларнинг кучи - маҳаллада, - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.