Шавкат Мирзиёев: Ҳақиқий аҳволни билиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун маҳаллангизга ўзим келдим

Халқ депутатлари сессиясидан сўнг Президент кутилмаганда Фарғона шаҳридаги Шодиёна маҳалласига борди. Маҳалла оралаб юриб, аҳоли билан учрашди.

- Мана, бугун вилоятларингизга янги ҳоким қўйдик. Маҳаллабай ишлаш тизимини жорий қиляпмиз. Ҳақиқий аҳволни билиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш учун маҳаллангизга ўзим келдим, - деди Шавкат Мирзиёев аёллар билан суҳбатда.

Онахонлардан бири эртага ўғлининг тўйи бўлишини айтди. Президент уларни табриклаб, ёш оилага бахт, соғлик тилади.

Кутилмаган ташрифдан хурсанд бўлган одамлар давлатимиз раҳбарига сиҳат-саломатлик, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилди.

Соҳибқирон Темур кўчаси бўйлаб юрилиб, уй-жойлар, савдо шохобчалари кўздан кечирилди.

Шавкат Мирзиёев маҳалла идорасига кириб, маҳалла раиси ва маслаҳатчилар билан суҳбатлашди. Аҳолининг яшаш шароитлари, ҳудуддаги муаммоларни сўради. Уларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Манба