Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти сайловида ишончли ғалаба қозонди

Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида МСК Раиси Зайниддин Низомхўжаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови халқаро мезонлар ва стандартларга мос миллий сайлов қонунчилигимизга, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда, кўтаринки руҳда ўтказилди.

– Бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган Янги Ўзбекистон ўтмиш аждодларининг тарихий анъаналарини давом эттириб, янада бойитиб, ҳар томонлама муттасил ривожланаётган замонавий давлат сифатида бутун дунёнинг эътиборини тортмоқда. Президент сайлови халқимиз юксак тафаккури ва донишмандлигининг ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу сайлов Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган изчил ва жадал ислоҳотларнинг узвий давомидир, – деди МСК Раиси З.Низомхўжаев.

Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Бу галги Президент сайлови илк бор 2019 йилда қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтди.

Сайлов қонунчилигига жорий йилнинг 8 февраль ва 31 май кунлари киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларга биноан, энг аввало, сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахорот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими янада такомиллаштирилди.

Барча даражадаги сайлов комиссиялари ўз ишини Сайлов кодекси талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури ҳамда Календарь режасига биноан, қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этди.

Сиёсий партиялар ва Президентликка номзодлар учун сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқоти учун тенг ва кенг имкониятлар яратилди. Сайлов участкаларида пандемия шароитида аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратилди.

Президент сайловини нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Туркий тиллий давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби йигирмага яқин халқаро ташкилотлардан ва элликка яқин хорижий давлатлардан жами мингга яқин халқаро кузатувчи ҳамда 1 минг 672 нафар маҳаллий ва хорижий мамлакатларнинг йирик оммавий ахборот воситаларининг вакиллари бевосита кузатиб ва ёритиб борди.

Шунингдек, сайловда иштирок этган бешта сиёсий партиялардан ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 64 минг 450 нафар вакиллар сайловни бевосита кузатиб борди.

Биринчи марта мамлакатимизнинг туман ва шаҳарларидаги 207 та сайлов участкаларига ўрнатилган 414 та видеокамералар орқали узатилган онлайн трансляцияни миллионлаб одамлар кузатиб борди.

Сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 158 минг 907 нафар сайловчилардан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида чет элларда овоз берган ватандошларимиз билан бирга ҳисоблаганда 16 миллион 212 минг 343 нафар сайловчи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 80,4 фоизидан иборатдир. 421 минг 176 нафар сайловчи жорий йилнинг 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

Сайловда консуллик рўйхатида турган турмаганлигидан қатъи назар хорижда истиқомат қилаётган барча14:44

ватандошларимиз учун 37 та давлатда ташкил этилган 54 та сайлов участкасида овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашарди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов ўтказувчи сайлов участкаларининг барчасида сайлов бюллетенлари санаб чиқилди.

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодлар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимов – 3,4 фоиз, Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломурадов – 4,1 фоиз, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров – 5,5 фоиз, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Максуда Варисова – 6,6 фоиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёев – 80,1 фоиз овоз олди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига кўра, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод Президент этиб сайланган, деб ҳисобланади.

Президентликка ўтказилган сайлов бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар тушмади. Лекин, Марказий сайлов комиссиясига сайловчилар ва ижтимоий тармоқлардан сайловларни ўтказиш жараёнига доир ҳолатлар бўйича муайян мурожаатлар келиб тушди.

Уларнинг барчасини қонунда кўрсатилган муддат ва тартибларда кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда. Марказий сайлов комиссияси фақат шундан сўнг Президент сайлови якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

Н.Насриев, Ё.Мелибоев(сурат), ЎзА

Манба