Соғлиқни сақлаш тизимидаги ишлар танқидий таҳлил қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 9 ноябрь куни юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва уларни даволаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни назарда тутади. Шулардан бири малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишдир.

Бу соҳадаги режалар ҳақида Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларида айтган эди ва уларнинг ижросига киришилди. Ушбу йиғилиш ҳам тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш, энг кўп тарқалган ва ўлимга сабаб бўлаётган касалликларни эрта аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирлари ўтказиш масалаларига қаратилди.

Вазирлар Маҳкамаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу соҳадаги камчиликлари танқидий кўрсатиб ўтилди.

– Халқимизнинг соғлиғи ҳеч нарса билан ўлчанмайдиган энг бебаҳо бойлигимиздир, – деди Президент. – Шу боис тиббиётни халқимизни рози қиладиган тизимга айлантириш бўйича катта марраларни белгилаб олдик. Бунинг учун бирламчи бўғинга ажратиладиган маблағларни 2 баробарга ошириб, аҳоли ўртасида кенг тарқалган касалликларни камайтириш бўйича алоҳида дастур қабул қиламиз.

Йиғилишда соҳадаги вазифалар кардиология йўналиши мисолида кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда. Сўнгги беш йилда бундай касалликлар 20 фоизга, жумладан, ёшлар орасида ҳам кўпайган. Умуман, 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.

Шу боис, юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди. Унга кўра, келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали йилига камида бир марта манзилли скринингдан ўтказилади, туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади, юрак-қон томир касаллиги аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади, эҳтиёжманд аҳолига дорилар бепул тарқатилади.

Бу мақсадлар учун келгуси йилда ҳар бир туманга 350 миллион сўмдан, жами 70 миллиард сўм ажратилиши мўлжалланган. Умуман, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун 580 миллиард сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Бу жорий йилги харажатлардан 3 баробар кўпдир.

Президентимиз оилавий шифокорлар ва ҳамшираларни юрак касалликларини эрта аниқлаш ҳамда даволаш бўйича қўшимча ўқитиш муҳимлигини таъкидлади.

Келгуси йил 1 июлга қадар туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати тузилиб, шу асосда режали даволаш йўлга қўйилиши белгиланди. Бунинг учун туман шифохоналари 4 турдаги кардиология ускуналари билан таъминланади. Натижада кўрсатиладиган хизматлар тури 5 тадан 15 тага ошади.

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалларида эса хизматлар 15 тадан 35 тагача етказилади. Хусусан, Хоразм вилояти филиали қўшимча жиҳозланиб, барча жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу тажрибани босқичма-босқич бошқа вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги шифохоналарда ҳам йўлга қўйиш, ихтисослаштирилган кардиология хизматларини ҳудудларгача тушириш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилди. У ерда превентив кардиология, нур ёрдамида диагностика каби йўналишларда янги лабораториялар ташкил этиш, хориждаги етакчи клиникаларда шифокорлар малакасини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Ушбу марказни трансформация қилиб, кўп тармоқли шаклга ўтказиш вазифаси қўйилди.

Маълумки, юрак-қон томир касалликларнинг асосий сабабларидан бири – нотўғри турмуш тарзи. Тўғри овқатланиб, кўпроқ пиёда юрадиган одамларда бундай хасталик кам учраши халқаро илмий ташкилотлар томонидан исботланган.

Давлатимиз раҳбари бунинг фойдасини янада кенг тарғиб этиш, тўғри овқатланиш ва жисмоний машғулотларни одамларнинг одатий ҳаёт тарзига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Шу мақсадда “Соғлом турмуш тарзи” платформаси ташкил этилган эди. Бугунги кунда ундан фойдаланувчилар 600 минг нафарга етди, уларга 18 миллиард сўм тўлаб берилди. Молия вазирлигига келгуси йилда бу тизимдан фойдаланувчилар кўламини кенгайтириш учун 60 миллиард сўм ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Видеоселектор йиғилишида ҳудуд раҳбарлари тўпланганидан фойдаланиб, аввал берилган топшириқлар ижросига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ёш авлод билан манзилли ишлаш учун ҳар бир маҳаллада вилоят ҳокимининг ёрдамчиси – ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиши белгиланди. Улар йигит-қизлар муаммоларини ҳал этиш, касб ўрганиши ва бандлигига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан шуғулланади.

 “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг бажарилиши кўриб чиқилди. Ҳокимлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари дарахт ва кўчат экиш ишларининг бориши тўғрисида ахборот берди.

Манба