Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклида
ўтказилган учрашувдаги нутқи
Ҳурматли бизнес вакиллари, ишбилармон тадбиркорлар, бугунги мулоқот иштирокчилари!
Бундан икки йил олдин яхши бир тажриба – Тадбиркорлар куни арафасида очиқ мулоқот шаклида сизлар билан учрашиб, тўпланиб қолган масалаларга биргаликда ечим топиш амалиётини йўлга қўйган эдик. Бугун ҳам ушбу анъанани давом эттириб, сизлар билан соғ-омон, хуш кайфиятда учрашиб турганимдан бағоят хурсандман.
Қадрли юртдошлар!
Очиқ айтиш керак, сўнгги 3-4 йилда халқаро майдонда бўлаётган ўзгаришлар дунё иқтисодиётига, шу жумладан, миллий иқтисодиётимизга ҳам катта таъсир ўтказмоқда.
Турли зиддиятлар туфайли логистика ва маҳсулот етказиб бериш занжирининг узилгани, ҳамкор мамлакатлар валютасининг қадрсизлангани, глобал миқёсда инфляция даражаси юқори бўлиб қолаётгани оқибатида молиявий ресурсларнинг қимматлашгани каби омиллар таъсирини тадбиркорларимиз жуда яхши биладилар.
Тан олиш керак, бундан буён ҳам осон бўлмайди. Йўл қўйилган камчиликлардан тўғри сабоқ чиқариб, фақат олдинга интилсак, бизнинг меҳнаткаш халқимиз, ишбилармон тадбиркорларимиз ҳар қандай машаққат́ни албатта енгиб ўтади, мен бунга ишонаман.
Дастлабки очиқ мулоқотимиз ҳам айнан жаҳондаги иқтисодий танглик ва ноаниқлик авжиѓа чиққан даврда ўтказилгани бежиз эмас. Сабаби – бундай мураккаб шароитда муаммоларни бевосита бизнес вакилларининг ўзидан эшитиб, уларга биргаликда ечим топиш ва бу орқали тезкорлик билан қарор қабул қилиш энг тўғри йўл эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб берди. Мисол учун, 2021 йилда бўлиб ўтган очиқ мулоқот натижалари бўйича 57 та, ўтган йили эса 55 та ташаббус илгари сурилган эди.
Буларнинг ҳисобидан бизнесни юритишда нима енгилликлар бўлди? Тадбиркорлар ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга эришилди? Умуман, биргаликдаги ташаббусларимиз натижаси мамлакатимиз иқтисодиётига қандай ижобий таъсир кўрсатди?
Биринчидан, ўтган йилги таклифлар асосида бизнес субъектлари микро, кичик, ўрта ва йирик тоифаларга бўлинди ва уларнинг ҳар бири билан алоҳида ёндашувлар асосида ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Шунингдек, туман ва шаҳарлар ҳам 5 та тоифага ажратилди, 60 та туманга алоҳида солиқ, кредит ва молиявий ёрдам режимлари жорий қилинди. Натижада бу туманлардаги тадбиркорлар ўтган олти ойда қарийб 1 триллион сўмлик имтиёзлардан фойдаланди. Бунинг ҳисобидан 20 та тумандаги тадбиркорларнинг даромади ўтган йилга нисбатан 1,5-2 баробар ошди. Бошқача айтганда, жорий йилнинг биринчи ярмида 7 триллион сўмдан 11,5 триллион сўмга кўпайган.
Қолган 40 та туман раҳбарлари ҳам тадбиркорлар билан яқиндан ишлаб, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланганида эди, 5-тоифага кирадиган туман қолмасди.
Иккинчидан, қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддати қисқартирилиб, ўтган бир йил ичида – 2022 йил 1 августдан 2023 йил 1 августгача – 6 мингта корхонага 20 триллион сўм қайтариб берилди. Айниқса, экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини интизомли экспортчи корхоналарга қайтариб бериш тартиби жорий қилингани натижасида 2 мингдан зиёд тадбиркорларнинг ҳисоб рақамига 7 триллион сўм келиб тушди.
Энг муҳими, ушбу солиқ ставкасини 12 фоизга туширганимиз ҳисобидан қўшилган қиймат занжири иштирокчилари сони 26 мингтага кўпайиб, уларнинг фаолияти “соядан” чиқди. Қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 184 мингтага етди.
Самарасиз солиқ механизмларини қўллаш оқибатида вужудга келган солиқ қарздорлигидан воз кечганимиз ҳисобидан бизнес ихтиёрида 2 триллион сўм қолди.
Учинчидан, кредит беришда айланмадаги товарлар, экспорт шартномалари, аккред́итивлар ва келгуси тушумлардан ҳам гаров таъминоти сифатида фойдаланиш тизими яратилди. Бу имкониятдан фойдаланган тадбиркорларимизга 1 миллиард доллар кредитлар берилди.
Шунингдек, микро-молия ташкилотларини очиш тартибини осон қилдик. Бунинг натижасида мамлакатимизда банкларга муқобил кредитлар бозори пайдо бўлди. Натижада сўнгги бир йилда бундай ташкилотлар сони 1,5 баробар, улар ажратган кредит миқдори эса 3 баробар ошди. Бир йилда нобанк ташкилотлар 3 триллион сўм кредит берган.
Биз божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини соддалаштирдик. Натижада ушбу божхона режимидан фойдаланувчи тадбиркорлар сони 2 баробар кўпайди. Мисол учун, бир йил ичида ушбу имконият орқали 455 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Шу тариқа 110 миллион долларлик қўшилган қиймат яратилди.
Тўртинчидан, илгари янги тадбиркорлар учун “кириш қийин бўлган” 119 та фаолият бўйича лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки хабардор қилиш шаклига ўтказилди. Мамлакатимиз ҳудудида биргина юкларни автомобилда ташиш фаолияти бўйича лицензияларни бекор қилиш ҳисобидан юк ташиш ҳажми 1,5 баробар ошди.
Бешинчидан, тадбиркорлар ўзлари айтсин, тўғри ишлайдиган солиқ тўловчилар фаолиятида текширишлар кескин қисқаргани сезилдими ёки йўқми?
Эътибор беринг, 2023 йилнинг олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоиз ёки 104 мингтадан 64 мингтага камайган. Яъни, тадбиркорларимиз тўғри ишлаш “сояда” ишлашдан кўра афзал эканини тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам солиқ ҳисоботларини топшириш ва камерал текшириш натижалари бўйича молиявий жарималар қўллашни бекор қилдик.
Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайиб, 490 мингга, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди.
Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди. Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди. Бу – 2017 йилга нисбатан 3 баробар кўп демакдир.
Бўлиб ўтган очиқ мулоқотлардан кейин сўнгги икки йилда корхоналаримиз томонидан 25 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ва аввал импорт қилинган 10 миллиард долларлик маҳсулотни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ҳурматли бизнес вакиллари!
Юқорида қайд этилган барча натижаларимиз ташаббускор, ишбилармон ва фидойи тадбиркорларимизнинг меҳнати билан бўлмоқда ва биз буни юксак қадрлаймиз.
Шу муносабат билан ушбу ютуқларга эришишда катта ҳисса қўшиб келаётган, янги ғоялар ташаббускори бўлган кичик тадбиркорларимизга, иқтисодиётимиз локомотивига айланган ўрта бизнес вакилларига, минглаб иш ўринлари яратиб, одамларимизни даромадли қилаётган йирик корхоналар раҳбарларига, бозорларимизга барака олиб кираётган кластер, фермер ва деҳқонларимизга ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман.
Мана бугун ҳам бир гуруҳ тадбиркорларимизнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшган ҳиссасини юксак эътироф этиб, уларнинг 44 нафарини орден ва медаллар билан, 126 нафарини эса “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирладик.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу эътирофга сазовор бўлган тадбиркорларимизга яна бир бор чуқур ташаккур билдираман ва сизларнинг сафларингиз кун сайин кенгайиб боришига астойдил ишонаман!
Азиз ватандошлар!
Бир нарсани тан олиш керакки, етти йиллик саъй-ҳаракатларимиз натижасида Янги Ўзбекистонда янги тадбиркорлар синфи шаклланди.
Хабарингиз бор, бу йил – сиёсий тадбирларга бой йил бўлди. Бошлаган ислоҳотларимиз ортга қайтмас тус олишини кафолатлаш мақсадида халқимиз янгиланган Конституцияни қабул қилди.
Энг муҳими, Бош қомусимизда илк бор қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, суд мустақиллиги бўйича давлат ўзига аниқ мажбуриятлар олди.
Сайловолди учрашувларида айтилган катта-катта марраларни рўёбга чиқариш учун келгуси етти йиллик ислоҳотларимиз дастури лойиҳаси август ойи бошида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Муҳокамаларда бир миллиондан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилгани, бунда тадбиркорларимиздан юртимизнинг келгуси тараққиёти учун муҳим бўлган кўплаб янги-янги ташаббуслар келиб тушгани бизни албатта қувонтиради.
Шу билан бирга, биз барча масалаларни ҳал қилдик, деб айта олмаймиз. Бизнесга янги-янги имкониятлар яратиш, шароитларни янада кенгайтириш бўйича ҳали олдимизда қиладиган ишларимиз кўп.
Яратганнинг бизга марҳамат қилган ҳар бир куни, барчамиз учун янги имконият. Гап нима ҳақида эканини тадбиркорларимиз ҳаммадан ҳам яхши тушунадилар. Бундан унумли фойдаланиб, имкониятни натижага айлантириш учун барчамиз тинимсиз изланишимиз, янги ғоя ва ташаббуслардан қўрқмасд́ан, янада кўпроқ меҳнат қилишимиз керак.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Ушбу мулоқотимиз арафасида тадбиркорларимиздан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушди. Улар кўтарган асосий масалалар – кредит ва молиявий ёрдамни кенгайтириш (жами мурожаатларнинг 26 фоизи), бизнесни жой ва инфратузилма билан таъминлаш (21 фоиз), солиқ тизимини соддалаштириш (10 фоиз), текширишлар ва ортиқча бюрократияни кескин қисқартириш (8 фоиз) билан боғлиқ.
Ушбу рақамларни кўриб, биласизларми, биринчи берган саволим нима бўлди? Нима учун мурожаатлар сони ўтган йилгидан кам? Лекин, таклиф ва ташаббуслар билан бирма-бир танишиб, бир нарсага амин бўлдим.
Олдинги очиқ мулоқотларга тайёргарлик давомида кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи индивидуал хусусиятга эга бўлиб, кўплари жойида ҳал қилинган эди.
Бу сафар 70 фоиз тадбиркорларимиз тизимли муаммоларни ечимлари билан таклиф қилишмоқда. Тадбиркорларимиз фақат ўзига эмас, балки бутун соҳага наф келтирадиган масалаларни кўтараётгани албатта қувонарли ҳол.
Очиқ мулоқот натижалари бўйича қабул қилинадиган қарорларда буларнинг барчаси инобатга олинади.
Энди сизлардан келиб тушган таклифлар асосида энг муҳим янги ташаббусларга тўхталиб ўтаман.
Биринчи йўналиш – кичик бизнес учун янги имкониятлар
Маълумки, кичик бизнес – бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган катта кучдир.
Иқтисодиёти жадал ривожланаётган кўплаб давлатларда иш ўринларининг 70-80 фоизи шу соҳа вакиллари томонидан яратилмоқда. Барча нуфузли компаниялар тарихи ҳам айнан кичик ва ўрта бизнесдан бошланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Дастурлар орқали микро-бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳар йили 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтиряпмиз. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркор пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда. Лекин кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида бунд́ай муҳит ҳали тўлиқ шаклланиб улѓурмади, десак, адолатдан бўлади.
Биз йил бошида кичик бизнес тоифасига кимлар киришини аниқ белгилаб олдик. Энди кичик тадбиркорларнинг “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувларни жорий этамиз. Бунда ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа тайёрлаб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор, бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.
Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк”ни “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирамиз. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади. Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес маркази ташкил этилади.
Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тажриба орттирган 500 мингдан зиёд микро-бизнес вакиллари бор. Энди 9 минг 400 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудида микродан кичик бизнесга ўсмоқчи бўлган 3-4 нафар тадбиркорни ҳар ойда бизнес марказларига жалб қилади.
Марказлар эса ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.
Иккинчидан, ҳудудлардаги Кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартлар асосида молиялаштириш йўлга қўйилади.
Бунда кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция кирит́са, 45 фоизига “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.
Ушбу мақсадлар учун бир “тадбиркорлик йили”да банкнинг ўзи 500 миллион доллар олиб келади, давлат яна шунча миқдорда маблағ ажратади. Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.
Ўз бизнесини йўлга қўя олган, “кредит ва солиқ тарихи” тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.
Лойиҳани амалга оширишда қўшимча ресурсга эҳтиёжи бор корхоналарга мавжуд кредитга қўшимча маблағ ажратишга рухсат берилади. Бунинг учун йилига қўшимча 1 триллион сўм ажратилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади.
Умуман, дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.
Учинчидан, Кичик бизнес марказлари кўмагида лойиҳа ташаббускори ва йирик давлат корхоналари билан кооперация алоқалари ўрнатилади. Бунда янги корхоналарда замонавий технологияларни жорий қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва маҳсулотини реализация қилишга Марказлар ёрдам беради.
Шу билан бирга, ушбу корхоналарга давлат харидлари тизимида ўз́и ишлаб чиқарган маҳсулотларни 2 йил давомида тўғридан-тўғри шартнома билан сотишга рухсат берилади.
Тўртинчидан, Кичик бизнес марказларини бошқаришга хусусий шериклар жалб қилинади. Ушбу тадбиркорларга “Бизнесни ривожлантириш банки”га ҳиссадор бўлиб кириш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, марказларга хорижий мутахассисларни ҳам олиб келамиз. Бунда бизнес-консультант, муҳандис-технолог, дизайнер, меҳмонхона бошқарувчиси, маркетолог, агроном, ветеринар, уруғшунос каби хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистонда ишлаш учун рухсатнома бериш муддати ҳозирги 1 йилдан 3 йилга узайтирилади. Ишлашга рухсатнома тўлови эса ҳозирги 10 миллион сўмдан 330 минг сўмга туширилади. Уларга ҳудудий меҳнат органидан ишга жалб этиш мақсадга мувофиқ́лиги тўғрисида хулоса олиш талаб қилинмайди.
Бешинчидан, янги тизимни жорий этиш бўйича алоҳида қонун ҳам қабул қиламиз. Бунда марказ билан ҳамкорликда кичик бизнес лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ барча жараёнлар соддалашган тартибда белгиланади.
Албатта, банк ҳам, марказ ҳам янги лойиҳа даромад келтириб, тадбиркор фаолияти ривожланишидан манфаатдор бўлиши зарур. Шунинг учун, янги кичик бизнес лойиҳаси ишга тушгач, икки йил давомида улардан тушадиган барча солиқлар “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг айланма маблағи учун ўтказиб берилади. Яъни, тадбиркор қанча кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади.
Энг асосийси, ушбу дастурда исталган давлат банки ва хусусий банклар иштирок этиши, ўзлари ҳам ресурс жалб қилиши мумкин бўлади. Банкларнинг дастур доирасида олган фойдаси солиқ базасидан чегириб ташланади. Шунда тадбиркорлард́а ҳам, банкларда ҳам манфаат ва рақобат бўлади. Бунинг учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлардан яна 500 миллион доллар жалб қиламиз.
Мақсадимиз – бир йил ичида камида 150 мингта кичик бизнес субъектини “оёққа турғизиш”, камида 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш, соҳада 250 мингта янги доимий иш ўрни яратишдан иборат.
Иккинчи йўналиш – ўрта бизнес барқарор иқтисодий ўсиш гарови
Ҳурматли бизнес вакиллари!
Иқтисодиётимизнинг янги технология ва инновацияларга асосланган, сифатли ҳамда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарадиган муҳим бўғини бу – ўрта бизнес.
Лекин, ҳозир ўрта бизнес учун шароитлар етарли эмас, десак, тўғри бўлади. Фақатгина Тадбиркорлик жамғармаси тижорат кредитларига кафиллик ёки компенсация бериб келяпти. У ҳам барчага эмас.
Шу боис, биз кичик бизнесдан ўрта бизнесга ўтиш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам янгича ёндашувларни йўлга қўямиз. Бу борада бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича мавжуд жамғармаларнинг фаолияти ҳам, ишлаш усули ҳам тубдан ўзгаради.
Энди Тадбиркорлик жамғармаси (Ж. Қўчқоров) хизмат кўрсатиш бўйича, “яшил” ва энергия самарадор лойиҳаларга молиявий ёрдам кўрсатишга, Саноатни ривожлантириш жамғармаси (Ж. Ходжаев) эса саноат лойиҳалари учун масъул бўлади.
Биз жамғармаларни бошқаришга малакали хорижий менежерларни олиб келамиз. Ушбу жамғармалар бюджет маблағлари билан чекланиб қолмайди, уларга мустақил инвестиция жалб қилиш ваколати берилади. Бу орқали келгуси бир йилда ушбу жамғармалар ўрта бизнес учун қўшимча 1 миллиард доллар маблағ олиб келади.
Биринчидан, биз “драйвер” тармоқларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун Саноатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиб, дастлабки босқичда унга 200 миллион доллар ажратдик.
Жамғармадан 1 сентябрдан бошлаб, янги лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада 5 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада 10 йил муддатга кредитлар ажратилади, саноат корхоналарига 1 йил муддатгача хорижий валютада 4 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада айланма маблағ тақдим этилади.
Бунда олиб келинадиган асбоб-ускуна учун 15 фоизлик аванс тўловлари ҳам Жамғарма томонидан кредит қилиб берилади, маркетинг, лойиҳалаштириш, хорижий мутахассис жалб қилиш харажатларининг 20 минг долларгача қисмига компенсация тўланади.
Иккинчидан, саноат ипотекаси тизими йўлга қўйилиб, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида ишлаб чиқариш майдонлари қуриб берилади. Жумладан, ҳар бир вилоятда камида 3 тадан янги саноат зонаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, саноат зоналарида ишлаб чиқариш объекти ишга туширилиб, инвестиция мажбуриятлари бажарилганидан сўнг ер майдонларини хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Учинчидан, охирги йилларда катта-катта инвестиция дастурларини амалга ошириш ҳисобидан мамлакатимизда 20 мингга яқин замонавий ускуналарга эга корхоналар барпо этилди. Буларнинг ярми – ўрта корхоналардир.
Бу корхоналар фаолиятини кенгайтириш учун уларга янги инвестор ва брендларни жалб қилишга кўмаклашиш зарур. Шу боис, энди агар корхона хорижий бренд ва инвестор билан келишувга эришса, унга янги ташкил қилинган Саноат жамғармаси 25 фоизгача бўлган капиталига сармоя билан кириши мумкин бўлади.
Тўртинчидан, Тадбиркорлик жамғармаси иқтисодиётимизнинг яна бир драйвери бўлган хизматлар соҳасига масъул бўлади.
Жамғармага салоҳиятли ўрта бизнес корхоналарига ҳиссадор бўлиб кириш ваколати берилади. Бунинг учун жорий йилда Жамғармага қўшимча 25 миллион доллар, келгуси йилда яна 100 миллион доллар ажратилади.
Шу билан бирга, Жамғарма томонидан ўрта бизнес учун хорижий валютадаги кредитларга ҳам кафиллик берилади. Жамғарма туризм, савдо ва сервис соҳаларида “хизматлар ипотекаси” тизимини жорий қилади.
Энди меҳмонхона, ресторан, савдо комплекси, автотураргоҳ, ёқилғи шохобчаси, кемпинг каби объектларнинг тайёр лойиҳалари тадбиркорларга таклиф этилади.
Шунингдек, Жамғарма тадбиркорларга хизмат кўрсатиш объекти учун ер сотиб олиш, бино-иншоотлар қуриш ва айланма маблағи учун ҳам ресурс ажратади. Шу билан бирга, корхоналарда яшил технологияларни жорий қилиш учун хорижий ҳамкорларимиздан 100 миллион доллар жалб қилинади.
Ана шу иккита янги тизим 1 октябрдан тўлақонли ишга туширилади ва келгуси бир йилда ўрта бизнесда саноат соҳасида 2 мингта ва хизматлар бўйича 10 мингта янги лойиҳалар молиялаштирилади.
Агар биргаликда астойдил ишласак, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан қўшимча 1 миллиард долларлик хизматлар, 5 миллиард долларлик янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, 350 мингта янги иш ўрнини бемалол ташкил қила оламиз.
Учинчи йўналиш – янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш
Азиз дўстлар!
Шубҳасиз, сўнгги йилларда бунга эътибор қаратиб, ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5 баробар оширганимиз иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини таъминлади.
Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобидан юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз.
Бизнинг нефтимиз ҳам, газимиз ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хомашёд́ан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир.
Шу боис, маҳсулотларимиз – ташқи бозорларда сифатли, талабгорлиги юқори ва рақобатбардош бўлиши керак. Ана шундай натижага эришиш учун ишлаб чиқаришни мут́лақо янги босқичга олиб чиқиб, кескин ўсиш қилишимиз зарур.
Ўтган йилги очиқ мулоқотда “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурини бошлаган эдик. Дастур доирасида 100 та етакчи экспортчи корхона танлаб олиниб, уларга кредит, солиқ, божхона бўйича алоҳида режим жорий қилинди. Натижада жорий йилда бу корхоналар экспорти 1,5 баробар кўпайиб, 1,2 миллиард долларга етказилади.
Умуман, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳисобидан сўнгги тўрт йилда бундай корхоналар сони 4,5 мингтадан 7,2 мингтага кўпайди, четга сотилаётган маҳсулот турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага ошиб, географияси 139 та мамлакатдан 164 тага кенгайди, ташқи бозорларга тайёр маҳсулот сотиш ҳажми 2 баробар, бунда товарлар экспортидаги улуши эса 50 фоиздан 65 фоизга ошди.
Шу билан бирга, халқаро майдондаги вазият ҳисобига логистика харажатлари 3-4 марта ошиб кетди. Шу боис, биз экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни изчил давом эттирамиз. Улар учун молиявий имкониятларни янада кенгайтиришимиз зарур.
Бунда логистика харажатларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллион доллар йўналтирамиз. Шунингдек, маҳсулотларни хорижда сертификатлаш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва бу борада мутахассис тайёрлашга яна 25 миллион доллар ажратилади.
Биз “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурини жорий йилда ҳам давом эттирамиз ва дастур билан қамраб олинадиган корхоналар сонини 500 тага етказамиз. Улар учун дастурдаги барча имтиёзлар сақлаб қолинади.
Экспортни кенгайтириш бўйича яна бир катта имконият – бу нуфузли хорижий брендларни мамлакатимизга жалб қилиш ҳисобланади. Мисол учун, йиллик бозори 100 миллиард доллардан ошадиган дунёнинг энг машҳур 50 та бренди корхоналаримиз билан ишлашга катта қизиқиш билдирмоқда.
Топшириғимга кўра, ишчи гуруҳи Испания, Германия, Польша, Туркиянинг йирик брендлари билан музокаралар ўтказиб келди. Улар маҳаллий корхоналаримизга 3 миллиард долларлик буюртма беришга ҳозирнинг ўзида тайёр. Бундай имконият бизда ҳеч қачон бўлмаган. Бунинг учун улар сўраётган 3 та энг катта масалани ҳал қилиб берамиз. Бу борада биринчи навбатда, ишлаб чиқаришга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш талабларини жорий қиламиз. Бунинг учун маҳаллий корхоналаримиз мутахассисларини уларнинг талаби асосида ўқитамиз.
Иккинчидан, маҳаллий корхоналардаги ишчиларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб берамиз.
Учинчидан, брендларнинг маҳсулотларини олиб кириш ва экспорт қилиш учун қулай божхона режимини жорий қиламиз.
Йирик брендларни жалб қилган корхоналарга 500 миллион сўмдан грант ажратилади. Мисол учун, Германиянинг “Дийзель” брендини жалб қилган Намангандаги “Фазман текстиль” корхонаси раҳбари Неъмат Фатҳиддинов ҳамда АҚШнинг “Найк” брендини жалб қилган Андижондаги “Сино интернейшнл” корхонаси раҳбари Фан Ронгхуанга бугун биринчи бўлиб ушбу грантни беришни таклиф қиламан.
Ўйлайманки, халқаро бозорга чиқмоқчи бўлган тадбиркорларимиз бу таклифларни қўллаб-қувватлайди.
Тўртинчи йўналиш – юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугунги учрашувда янги бир ташаббусни илгари сурмоқчиман.
Халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, қурилиш материаллари, мебелсозлик, полимер, кимё ва озиқ-овқат саноати бўйича 140 та тайёр лойиҳа ишлаб чиқилди.
Бугун сизларга ушбу 140 та илғор саноат корхонаси лойиҳалари тақдимот қилинди. Ушбу лойиҳаларнинг жами қиймати 10 миллиард долларга тенг бўлиб, уларда 60 мингта иш ўрнини яратиш, йилига 5 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда 2,5 миллиард долларлик экспорт қилиш кўзда тутилган.
Мазкур 140 та лойиҳа электрон платформага қўйилиб, тадбиркорларга очиқ-ошкора шартлар асосида таклиф қилинмоқда. Бу ерда ўтирган тадбиркорлар орасида дастурда иштирок этишга ким қизиқиш билдирса, ҳозирнинг ўзида улар билан шартнома тузишга тайёрмиз. Уларга жойи ҳам, маблағи ҳам, инфратузилмаси ҳам ҳозирнинг ўзида ҳал қилиб берилади.
Дастурга кирган корхоналарга Саноатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 йил муддатга паст фоизли кредитлар ажратилади.
Келгуси йил очиқ мулоқотда ушбу лойиҳаларни биргаликда албатта ишга туширамиз.
Бешинчи йўналиш – содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит
Қадрли дўстлар!
Мамлакатимизда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, улар янада кўпроқ даромад кўрса, давлатимиз ҳам шунча бой бўлади. Сизлардек шижоатли, ишбилармон, ташаббускор ва фидойи тадбиркорларимиз сафи бир неча карра кенгайишидан барчамиз бирдек манфаатдормиз.
Шу боис, биз тадбиркорларга солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш ҳисобидан бюджетга тушумларни ошириш йўлидан боряпмиз.
Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорларимиз солиқ соҳасидаги ислоҳотларимизни ижобий баҳолаган. Лекин, бизнес вакиллари солиқ тизимидан, солиқчилар фаолиятидан қанчалик рози?
Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция́ ҳолатларининг барчасидан хабарим бор. Энди бу тизимни тубдан ислоҳ қилиб, солиқ идоралари ходимлари ёндашувларини бутунлай ўзгартирамиз. Солиқ маъмурчилиги ҳам соддалашади.
Биринчидан, ҳозирги тадбиркорларни хавф гуруҳига киритиш тизими ёпиқ бўлиб, интизомли солиқ тўловчилар ҳам қайсидир ҳамкори қачонлардир хато қилган бўлса, унинг учун ҳам жавоб бермоқда.
Ўтказилган сўровларда қўшилган қиймат солиғи тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқни қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш, яъни “tax-gap” тизими адолатсиз эканини билдирган. Солиқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ шикоятлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани ҳам айнан “tax-gap” билан боғлиқ.
Энди, 1 октябрдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиётини, яъни “tax-gap”ни бекор қиламиз.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман соҳа вакиллари билан бирга тадбиркорларнинг очиқ-ошкора рейтингини жорий қилади. Бунда келгуси йил 1 январдан бошлаб, рейтинги юқори корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади, уларга қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор қилинади.
Иккинчидан, камерал назорат “солиқчининг қуроли” эмас, балки тадбиркорга хатосини кўрсатиб, уни тўғирлашга ёрдам берадиган жараён бўлиши керак.
Ҳозирда эса камерал назорат тўлақонли солиқ текширувига айланиб кетгани сир эмас ва бу коррупцияга ҳам йўл очиб беряпти.
Энди камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақиришни қатъиян тақиқлаймиз.
Умуман, солиқчилар ўз дунёқарашини ўзгартириб, маҳалладаги катта имкониятларни ишга солиши, фақат ва фақат тадбиркорларга шароит қилиб беришлари лозим бўлади.
Шунингдек, алоҳида очиқ-ошкора платформа яратиб, солиқчилар кўрсатган хизматлар сифатига тадбиркорларнинг ўзи баҳо берадиган тизимни йўлга қўйсак, нима дейсизлар?
Учинчидан, ҳозирги вақтда солиққа оид битта ҳуқуқбузарлик учун тадбиркор сифатида молиявий жарима, жисмоний шахс сифатида маъмурий жарима қўлланмоқда.
Энди бундай амалиёт бекор қилинади.
Умуман, тадбиркорларга қўлланаётган жарималар улар фаолиятининг тўхтаб қолишига сабаб бўлмаслиги зарур. Шу нуқтаи назардан, уч ойда барча молиявий санкциялар қайта кўриб чиқилиб, адолатли меъёрлар белгиланади.
Тўртинчидан, тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низоларини маъмурий суд ваколатига ўтказамиз. Шунингдек, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловларни олиб ташлаймиз.
Солиқ бўйича тадбиркорларга нисбатан даъво киритиш муддати ҳозирги 5 йилдан 3 йилга туширилади. Бундан ташқари, солиқ ёки кредит қарзини ундириш бўйича суд қарори чиқарилганида, пеня ва фоизлар ҳисоблаш тўхтатилади.
Бешинчидан, ҳозирги кунда тадбиркорлар 140 дан ортиқ ҳисобот доирасида 8 мингга яқин кўрсаткичларни 16 та давлат идорасига топширишга мажбур. Оқибатда 500 минг тадбиркор ҳар йили бундай турли ҳисоботларни тайёрлашга 300 миллиард сўм сарфламоқда.
Шу боис, 2024 йил 1 январдан бошлаб бир-бирини такрорловчи ва эскирган ҳисоботлар тугатилади, барча ҳисоботларни ягона электрон тизим орқали тақдим этиш йўлга қўйилиб, уларнинг қоғоз шакли бекор қилинади.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.
Кластер тизимига ўтганимиз қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди, десак, бу ҳам ҳақиқат. Хусусан, ўтган олти йил ичида бир гектардан олинадиган пахта ҳосили 26 центнердан 34 центнерга етди. Айниқса, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида 40 центнергача ҳосил олинмоқда.
Пахта толасини қайта ишлаш 2,5 баробар ошиб, 100 фоизга етказилди, ип-калава ишлаб чиқариш – 2,2 баробар, тайёр маҳсулот – 5 баробар ортди.
Келгуси йилда соҳадаги экспортни 1,5 баробар кўпайтириб, 2022 йилдаги 3,2 миллиард доллар ўрнига 5 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олганмиз.
Ҳозирги вақтда пахта тўқимачилик кластерларида 600 мингга яқин аҳоли доимий даромад олиб, меҳнат қилмоқда.
Ўтган йилги пахта ҳосили бўйича жаҳон бозори билан ички бозордаги тола нархи ўртасида катта тафовут бўлгани оқибатида кластерларимиз 6 триллион сўм зарар кўрганидан хабарим бор. Шу вазиятни ҳисобга олиб, кластерларнинг 3 триллион сўм кредит қарздорлигини бир йилга узайтириб бердик.
Биз ушбу молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтирамиз. Жумладан, кластерларнинг айланма маблағлари учун бир ярим йил муддатга 3 триллион сўм кредит ажратилади.
Бундан ташқари, пахта ва сунъий толани олиб келишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади, хомашё, бўёқ ва кимёвий воситалар, фурнитура, совутиш тизимлари ва аксессуарлар уч йил муддатга божхона божидан озод қилинади.
Ҳурматли тадбиркорлар!
Шу ўринда сизларга алоҳида мурожаат қилмоқчиман.
Сўнгги етти йилдаги солиқ ислоҳотларимиз, тадбиркорларга берилган енгиллик ва имтиёзлар натижасида уларнинг ихтиёрида 120 триллион сўмдан зиёд маблағ қолди.
Мана бугун ҳам жуда катта қулайликлар бериляпти.
Халқимизда “қарс икки қўлдан чиқади”, деган гап бор. Ҳозирги кунда мамлакатимизда “хуфиёна иқтисодиёт”нинг улуши 40 фоиз атрофида.
Биз тўғри ишлаётган, иш ўрни яратаётган, илғор технологиялар жорий қилиб, янги маҳсулотларни ўзлаштираётган, экспортини ошираётган бизнес вакиллари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Лекин, солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга, биз албатта муросасиз бўламиз.
Бировнинг ҳаққига хиёнат Яратганга ҳам хуш келмайди.
Шу боис, тадбиркорларимиз ўзлари ҳам бош бўлиб, бундай “нопок” ишбилармонлар сафларида бўлишига йўл қўймаса, ўйлайманки, “хуфиёна иқтисодиёт” улушини бир неча карра қисқартирамиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ҳар бир йил улкан дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш даври бўлиб қолмоқда.
Шу маънода, келгуси йиллар учун белгилаб олган режа ва дастурларимизни амалга ошириш албатта осон бўлмайди. Буни ҳам очиқ айтишимиз керак. Лекин, ҳаёт синовларида тобланган, сўзида ҳам, ишида ҳам қатъий сизлардек мард ва ташаббускор тадбиркорларимиз бор экан, биз албатта кўзлаган марраларимизга эришамиз.
Олдингиси
Ўзбекистон Республикаси Президенти амалий ташриф билан Венгрияга боради
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан жорий йил 19-20 август кунлари амалий ташриф билан Будапешт шаҳрида бўлади.
18.08.2023Кейингиси
Ўзбекистон Президенти Венгрияга жўнаб кетди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг таклифига биноан 19 август куни амалий ташриф билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.
19.08.2023