Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 август куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.
Мамлакатимиз етакчиси Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви юқори даражада ташкил этилганини, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашда бу яна бир муҳим босқич бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, минтақавий ва халқаро даражадаги алоқаларни муҳокама қилдилар.
Давлат раҳбарлари пандемиянинг қийин даврига қарамай, Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда аввал эришилган келишувларнинг бажарилиш ҳолати кўриб чиқилди. Ижобий ўсиш суръатларни давом эттириш учун янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, чегарадош ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш кераклиги таъкидланди.
Транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, Жанубий Осиё ва Жанубий Кавказ йўлаклари орқали янги ташқи бозорларга чиқиш, шу жумладан Ашхобод битимига мувофиқ халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Мулоқотда бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни топиш, самарали лойиҳа ва шартномалар тайёрлаш учун яқин вақтларда Ҳукуматлараро комиссияси ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олинди.
Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари стратегик шериклик муносабатларини халқларимиз фаровонлиги йўлида ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида изчил мустаҳкамлаб бориш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.
Олдингиси
Ўзбекистон Президенти Туркманистонга келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 5 август куни Туркманбоши шаҳрига ташриф буюрди.
05.08.2021Кейингиси
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади
6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
06.08.2021