Президент Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни давлат объектларини хусусийлаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Иқтисодиётда давлат иштироки камайтирилиб, хусусий тадбиркорлик ривожига кенг ўрин берилмоқда. 2021-2022 йилларда давлат улуши бўлган корхоналар сонини камида 3 баробар қисқартириш режалаштирилган. Жорий йилда 4 триллион 500 миллиард сўмлик 619 та давлат активи сотилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимида Шавкат Мирзиёев давлат корхоналарини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш иқтисодиётни ислоҳ этишнинг устувор вазифаларидан бири бўлишини айтган эди.
Йиғилишда шу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари хусусийлаштиришнинг янги усулларини жорий этиш ва унинг барча босқичларида очиқ-ошкораликни таъминлаш энг асосий масала эканини таъкидлади.
Хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг молиявий барқарорлиги ва инвестицион жозибадорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда, нуфузли хорижий консультантларни жалб қилган ҳолда, йирик тармоқ корхоналарини хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, стратегик корхоналар бошқарувига халқаро малакага эга менежерларни жалб қилиш зарурлиги айтилди. Қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган активларни сотиш жараёнида таклифларни қабул қилиш ва уларни баҳолаш мустақил хорижий консультант томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Соҳада келгуси йилга мўлжалланган вазифалар ҳам кўп. Жумладан, 32 та йирик давлат активини сотиш, “Ўзсаноатқурилишбанк”ни хусусийлаштириш, давлат корхоналарининг 368 та носоҳавий ва самарасиз активларини савдога чиқариш режалаштирилган. Ҳудудларда 770 та актив сотишга тайёрланган. Булар орқали бюджетга қарийб 10 триллион сўм тушум таъминланиши кўзда тутилган. Мутасаддиларга шу борадаги ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Президентимиз давлат корхоналарига стратегик инвесторларни жалб қилиш, фақат мавжуд қувватларни ишлатиш билан чекланмасдан, корхоналар фаолиятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Мисол учун, “Навоийазот” акциядорлик жамияти негизида учта алоҳида корхона ташкил этган ҳолда, “кимё саноати кластери” фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бу кластер инфратузилмасини бошқариш учун тажрибали хусусий оператор жалб қилинади.
Давлатимиз раҳбари инвесторлар сармоя киритиш билан бирга янги лойиҳалар таклиф қилиши, замонавий билим ва технологияларни олиб келиши муҳимлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга, шуларни инобатга олган ҳолда, 2022 йил учун хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Олдингиси
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз
Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи
06.11.2021Кейингиси
Айдар-Арнасой кўллар тизимида экотуризм ривожлантирилади
Давлатимиз раҳбари 8 ноябрь куни Айдар-Арнасой кўллар тизимида экологик барқарорликни сақлаш ва экотуризмни ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
09.11.2021