Президент Шавкат Мирзиёев Янгиариқ туманидаги “Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамият томонидан ташкил этилган замонавий иссиқхонани кўздан кечирди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилишга кенг шароит яратилмоқда. Жойларда гидропоника усулида иссиқхоналар қурилмоқда. Бу сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, кўплаб иш ўринлари яратиш имконини бераётир.
“Global Food Impeks” масъулияти чекланган жамият учун ажратилган майдон 23 гектардан зиёд. Биринчи босқичда 10 гектар ерда иссиқхона қурилган. 140 киши иш билан таъминланган.
Аҳамиятлиси шундаки, илгари бу жой шўр босган, қаровсиз ер эди. Энди шу заминнинг ҳар гектаридан йилига 300-400 минг доллар миқдорида даромад олинади.
Масалан, помидор ва бодринг кўчатлари шу йил январда ҳосилга кирди. Ўтган қисқа вақтда 480 минг долларлик экспорт қилинди. Йил охиригача 4-5 миллион долларлик маҳсулот сотиш мўлжалланган.
Жорий йилда 13 гектар майдонда иссиқхонанинг иккинчи босқичини амалга ошириш ҳамда август ойида ишга тушириш мўлжалланган. Корхона тўлиқ қувватда ишлаганда йилига 4 минг тонна помидор ва бодринг, шунингдек, қулупнай, гуллар ва бошқа маҳсулотлар етиштирилади, жами 280 та иш ўрни ташкил этилади. Маҳсулотларнинг 80 фоизини қўшни давлатлар, Россия ва Туркияга экспорт қилиш режалаштирилган.
- Қишлоқ хўжалигида илм, янгича дунёқараш пайдо бўлди. Мана, ишнинг кўзини билса, катта даромад олиш мумкинлигига мисол. Хоразмда ер шўрланган. Шундай жойларда замонавий иссиқхоналарни кўпайтириш, 100-200 гектарга етказиш керак. Ҳам одамларга ишчи жой, ҳам экспорт бўлади, - деди давлатимиз раҳбари.
Иссиқхона деталларини маҳаллийлаштириш, бозор талабидан келиб чиқиб қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Шу ерда вилоятда мева-сабзавотчилик, томорқачилик, чорвачилик, балиқчиликни ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
Олдингиси
Президент Шавкат Мирзиёев Озарбойжонда “Йил одами” деб эътироф этилди
Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Озарбойжонда нашр этиладиган “Тарихий шахслар” халқаро журналининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Йил одами” деб эътироф этилиши ҳамда умуман Ўзбекистонга бағишланган махсус сони тақдимоти бўлиб ўтди.
12.03.2020Кейингиси
Президент пиллачилик корхонасини кўздан кечирди
Давлатимиз раҳбари ўтган йил май ойида Фарғона вилоятидаги “Ипак гиламлар” корхонасида бўлганида пиллачилик кластерлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди.
12.03.2020