Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов кеча «2021 йил августидан кейинги Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик масалалари» мавзусидаги халқаро анжуманда Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга янада фаол жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Шу муносабат билан, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлашда асосий бўғин сифатида ушбу мамлакатнинг тарихий ролини қайтариш учун мўлжалланган йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш устувор вазифа бўлиши керак, дея таъкидлади эксперт.
Акромжон Неъматовнинг сўзларига кўра, бунга эришида Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги сиёсий ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳити вужудга келгани, Жанубий Осиё мамлакатлари билан стратегик шериклик даражасининг ошгани ёрдам бермоқда. Ўзбекистоннинг конструктив ва прагматик ташқи сиёсати туфайли Марказий Осиёдаги вазият тубдан ўзгарди, минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланиш муаммоларини биргаликда ҳал этиш, Евроосиёнинг улкан минтақаси фаровонлигининг калити бўла оладиган трансминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.
СМТИ вакили таъкидлаганидек, Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар, Термиз-Мозори-Шариф–Ҳирот–Чохбаҳор темир йўллари, Туркманистон–Афғонистон–Покистон–Ҳиндистон газ қувури, Сурхон–Пули–Ҳумри электр узатиш тармоғининг қурилиши улкан сиёсий ва иқтисодий истиқболга эга. Ушбу лойиҳалар аҳоли учун муқобил даромад манбаларини яратади ва натижада ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради. Бундан ташқари, бу Афғонистондаги тинчлик жараёнига йирик сармоя ҳам бўлади.
Шу билан бирга, «таклиф этилаётган лойиҳалар улкан иқтисодий манфаатлар манбаини ифодалайди, улар томонларнинг Афғонистонда хавфсизликни ўрнатишга қизиқишини оширади, бу лойиҳалар минтақани барқарорлаштиришга қодир», - дея хулоса қилди Акромжон Неъматов.
Эслатиб ўтамиз, тадбир 14 декабрь куни Марказий Осиё халқаро институти томонидан А.Горчаков номидаги жамоатчилик дипломатиясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва «Марказий Осиё мактаби» илмий-таълим дастури билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари, Россия ва Озарбайжондан 90 нафарга яқин мутахассис ва олим, илмий тадқиқотчи ва талабалар қатнашди.