Анжуманда 44 давлатдан 300 га яқин сиёсатчи, дипломат, олим ва ишбилармон тўпланган.
Олий мартабали иштирокчилар орасида Туркиянинг 11-президенти Абдулла Гул, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ҚДИҲТ) Бош котиби Лазар Команеску, Албания, Словения, Мўғулистон, Руминия, Хорватия, Тунис, Молдова, Чехия сингари давлатлар собиқ раҳбарлари бор.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған саммит иштирокчиларига табрик билан мурожаат йўллади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов “Янги тартиб оқибати” (“Effects of the new order”) мавзусидаги мажлисда маъруза қилди.
Тадбир кун тартибидан мамлакатларнинг инклюзив ва барқарор ривожланиши, глобал таъминот занжирини яратиш, “яшил иқтисодиёт”ни илгари суриш, иқлим ўзгариши, ёшлар сиёсати ва аёллар ҳуқуқи билан боғлиқ масалалар муҳокамаси ўрин олган.
Э.Арипов тадбир иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсат, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ҳақида сўзлаб берди.
Мутахассис таъкидлаганидек, “Марказий Осиё яқин-яқингача, таъбир жоиз бўлса, қўшнилар қандай қилиб ўзаро алоқа қилмасликлари ва дўст бўлмасликлари мумкинлиги борасида бошқаларга намуна бўлган. Бу салбий ҳолат, айниқса, музлатилган савдо, ёпиқ чегаралар ва трансчегаравий сувдан фойдаланиш масалаларидаги келишмовчилик тарзида яққол намоён эди”.
СМТИ раҳбари фикрича, давлатимиз етакчиси умумий муаммоларни биз учун ҳеч ким ҳал қилиб бермаслигини таъкидлаб, оқилона, ўзаро мақбул муросани биргаликда излашга чақиргач, вазият кескин ўзгарди. Барча мамлакатлар саъй-ҳаракати туфайли дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли шериклик тамойили асосида энг мураккаб масалалар ҳам муваффақиятли ҳал этила бошланди.
– Натижада биз “музни эритдик” ва Марказий Осиёдаги ишончсизлик инқирозини енгиб ўта олдик, – дейди эксперт.
Низо юзага келишига сабаб бўлган омиллар бартараф этилиши минтақавий ҳамкорликни чуқурлаширишга кучли туртки берди. 2016 йилдан буён ҳудудий товар айирбошлаш миқдори 2.4 баробар ошди. Марказий Осиё мамлакатлари саноат кооперациясини ривожлантира бошладилар. Кўп томонлама сармоя жамғармалари тузилди, биргаликда гидротехник иншоотлар қурила бошлади. Давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари механизми ишга туширилиб, қисқа вақт ичида конструктив муҳокама юритиш, умумий муаммоларни келишиб ҳал этиш учун самарали майдонга айланди.
Хулоса қилар экан, мамлакатимиз вакили бугунги кунда халқаро ҳамжамият дуч келаётган масалалар мураккаб ва бир-бири билан чамбарчас боғлиқ эканини, ҳеч бир давлат муаммоларни ўзи ҳал қила олмаслигини таъкидлади. Ҳозир ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик, янги ажратувчи чизиқлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик, мулоқотни тўхтатмаслик ниҳоятда муҳимлигига эътибор қаратди.
Бу борада Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббуси алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу ғоя глобал мулоқотни йўлга қўйиш, замонамизнинг энг долзарб муаммолари бўйича биргаликда келишилган ечимлар излаш учун самарали платформа яратиш мақсадини кўзлайди, деди Элдор Арипов.