Яқинда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ Саммитида ва Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммитида иштироки юзасидан брифинг бўлиб ўтди. Брифингда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори Элдор Арипов иштирок этди.
СМТИ директори таъкидлаганидек, ШҲТ минтақада хавфсизликни таъминлайдиган муҳим тузилмадир. Тошкентда терроризмга қарши кураш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштирувчи, халқаро террористик ва бошқа ташкилотлар хақидаги ягона ахборот базасини ташкил этувчи, терроризмга қарши кураш бўлинмалари учун мутахассислар ва ўқитувчилар тайёрлашга ёрдам берадиган, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш бўйича тадбирларни ташкили билан шуғилланадиган ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолият юритиб келмоқда.
ШҲТ котибиятининг маълумотларига кўра, сўнгги 4 йилда ташкилот доирасида 600 дан ортиқ террористик жиноятлар олдини олинди, 500 дан ортиқ террорислар тайёрлайдиган базалар йўқ қилинди, 2000 дан ортиқ халқаро террористик ташкилот аъзолари фаолияти тўхтатилди.
Шунингдек Элдор Арипов барқарорликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан чуқур ўйланган стратегиянинг амалий натижаси эканини таъкидлади.
«Қўшни Афғонистонда нималар бўлаётганига қаранг. Ҳар йили тинч аҳоли ҳаётдан кўз юмади. Жорий йилнинг январ-апрел ойларида оддий фуқаролар орасида 305 киши ҳалок бўлган, 300 киши яраланган. 3.7 миллион бола мактабга бормайди. Уларнинг 60 фоизи қизлардир», - деди СМТИ директори.
Элдор Арипов қуйидаги фактларга алоҳида эътибор қаратди, жумладан, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, урушдан воз кечишга муваффақ бўлган давлатларнинг 50 фоизи келгуси беш йил ичида яна қуролли можаролар гирдобига тортилади. Урушдан олдинги даражага қайтиш одатда бир неча авлод кучини талаб қилади.
«Шу боис, шуни тушуниш жуда муҳимки, бир бора беқарорликка йўл қўйилганидан кейин яна тинч ҳаётга қайтиш осон бўлмайди. Тинчликни сақлаш осон эмас, лекин уни йўқотиш жуда осон», - деди Институт раҳбари.