Афғонистонни ҳамкорлик маконига айлантиришга қаратилган ташаббус

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида Афғонистон масаласи бўйича халқаро ҳамкорликнинг янги шакли – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида доимий равишда фаолият олиб борадиган қўмита ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Аввало, ушбу ташаббус Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан сўнг Афғонистонга нисбатан олиб борилаётган ҳар томонлама чуқур ўйланган, прагматик ташқи сиёсатимизнинг мантиқий давомидир. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида дунё ҳамжамияти эътиборини Афғонистон масаласига қаратиши, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан олиб бораётган яхши қўшничилик ва дўстона ташқи сиёсатининг амалдаги яна бир ифодаси бўлди.
Ушбу ташаббус мазмун-моҳияти жиҳатидан стратегик ва концептуал аҳамиятга эга бўлиб, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, минтақада барқарор ривожланиш ва глобал хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Барчамизга маълум, 40 йилдан буён давом этиб келаётган уруш Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳалокат ёқасига олиб келди. Урушнинг салбий оқибатлари, айниқса, пандемия даврида кучайди. Биргина ишсизлик, камбағаллик ва очарчилик тўғрисидаги рақамларга қарасак, аҳвол қанчалик оғир эканини кўрамиз. Афғонистон иқтисодиёт вазирлиги берган маълумотларга кўра, пандемия оқибатида ишсизлик 40 фоизга, камбағаллик даражаси эса 70 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Агар Афғонистон аҳолисининг 38 миллион эканини инобатга олсак, қанча одам ишсизлик ва камбағаллик муаммосига дуч келишини ҳисоблаш қийин эмас. Қолаверса, БМТ маълумотига кўра, Афғонистонда бугунги кунда 7,3 миллион нафар бола тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда БМТ ҳузурида доимий фаолият олиб борадиган қўмита ташкил этилиши ташкилот фаолиятида афғон муаммоси доимий эътиборда бўлишига замин яратади. Қолаверса қўмита БМТнинг Афғонистонда фаолият олиб бораётган ЮНИСЕФ, ЮНЕСКО, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сингари ихтисослашган тузилмаларининг амалга ошираётган лойиҳалар самарадорлигини ошишига ҳисса қўшади.

Сабаби БМТ ҳузурида тузиладиган доимий қўмиталар ўз фаолияти доирасида ташкилотнинг 16 та ихтисослашган тузилмаси билан яқин ҳамкорлик қилиши БМТнинг тегишли ҳужжатларида белгилаб қўйилган.
Сўнгги пайтларда Афғонистонда ижобий ўзгаришлар кузатилаяпти. АҚШ ва Толибон ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди, афғон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасида Қатарнинг Доҳа шаҳрида тинчлик музокаралари бошланди.
Музокаралар бошлангани эртага уруш тугайди дегани эмас. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва унинг барқарор ривожланишини таъминлаш узоқ давом этадиган жараён. Бугун Афғонистон давлат бюджетининг 75 фоиз ташқи ёрдам асосида шаклланади. Агар БМТда дунёнинг барча давлатлари иштирок этишини инобатга олсак, Афғонистон бўйича доимий қўмита халқаро ҳамжамият имкониятларини Афғонистонда тинчлик ўрнатишга сафарбар этишда муҳим омил бўлиши мумкин.
БМТ ҳузурида доимий равишда фаолият олиб борадиган қўмита Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишида ҳам муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда Афғонистонда кўплаб транспорт ва иқтисодий лойиҳаларнинг амалга ошиши хавфсизлик муаммолари туфайли бирмунча мураккаб бўлиб қолмоқда. Агар Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, Марказий Осиё давлатлари аҳолиси 1,8 миллиард, ЯИМ 3,5 триллион доллар бўлган Ҳиндистон ва Покистон бозорларига чиқиш имкониятига эга бўлади. Энг муҳими, Марказий Осиё давлатлари Афғонистон орқали денгизга чиқиш учун энг қисқа йўлга эга бўлишлари мумкин.
Қолаверса, БМТ ҳузуридаги қўмита Марказий Осиё давлатларининг тероризм ва экстремизмга қарши олиб бораётган кураш самарадорлигини ошишига ҳисса қўшади. Бугун Афғонистонда таркибида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари бўлган 20 га яқин террористик гуруҳлар мавжуд. БМТ ҳузуридаги қўмита фаолияти доирасида Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги террористик гуруҳлар фаолияти юзасидан оператив ахборот алмашинуви ва терроризмга қарши курашишда илғор хориж тажрибасидан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий ишлайдиган қўмита ташкил қилиш глобал хавфсизликни таъминлашда ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Агар дунёда рўй бераётган қуролли тўқнашувлар ва зиддиятларга эътибор берсак, уларнинг асосий сабаби ўзаро ишончнинг камайиб кетиши эканини кўрамиз. Афғонистон муаммоси ҳам ўзаро тушуниш ва ишонч етишмаслиги туфайли бугун халқаро муаммога, геосиёсий мақсадлар тўқнаш келган ҳудудга айланиб қолган. БМТ ҳузуридаги доимий қўмита ўз фаолиятида ошкоралик ва очиқлик тамойилларига асосланишини инобатга олсак, Президентимизнинг ушбу ташаббуси Афғонистонни ҳамкорлик маконига айлантиришга қаратилгани аён бўлади.

 

Бахтиёр Мустафоев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти  марказ раҳбари

Манба