Камбағалликка қарши курашиш — глобал муаммо

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, камбағалликни қисқартириш ва унга қарши курашиш масаласини БМТнинг навбатдаги сессияси асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш, шунингдек, ушбу мавзуда Глобал саммитни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусининг аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Аброр Юсупов билан суҳбатлашдик.

Президентимиз томонидан камбағалликни қисқартириш ва унга қарши курашиш масаласини БМТнинг навбатдаги сессияси асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш, шунингдек, ушбу мавзуда Глобал саммитни ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси, шубҳасиз, жаҳон ҳамжамияти олдида турган йирик муаммолардан бирига самарали ечим топишга қаратилган. Айниқса, 6 ойдан ортиқроқ вақт мобайнида давом этаётган пандемия ушбу масаланинг долзарблигини янада оширди.

Айрим прогнозларга кўра, пандемиянинг иқтисодий-молиявий оқибатлари натижасида дунёда қашшоқлик даражаси 8 фоизга ёки 1,5 млрд. одамга ошиши мумкин. Шунингдек, БМТ маълумотларига кўра, ривожланаётган давлатларда иқтисодий йўқотишлар 220 млрд. доллардан ошиши, 55 фоиз дунё аҳолиси эса ижтимоий ҳимоядан бебаҳра қолиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, таълим, инсон ҳуқуқлари, озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради.

БМТнинг маълумотларига кўра, ер юзида 700 млн.дан ортиқ одам қашшоқликда кун кечиради. Камбағалликнинг юқори даражаси асосан турли низолар мавжуд бўлган мамлакатларга тўғри келади. 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, жумладан, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар камбағалликка қарши курашишда муҳим пойдевор вазифасини ўтамоқда.

Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш соҳасида институционал ёндашув қўлланаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, ҳукумат таркибида Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Шунингдек, жойларда вертикал тарзда тадбиркорлик муҳитини яратиш ва ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича масъул лавозимлар жорий этилди. 

Шу билан бирга, камбағалликни қисқартириш бўйича хорижий давлатлар  тажрибаси ва йирик мутахассисларнинг тадқиқотлари мунтазам ўрганилмоқда. Ҳозирда ушбу ўрганишлар асосида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган дастур ва концепция ишлаб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Албатта, бугун мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар бу борадаги дастлабки қадамлар ҳисобланади. Бунинг учун шубҳасиз, комплекс ёндашув, яъни ижтимоий, иқтисодий, маърифий-маданий соҳаларнинг ҳамкорликдаги фаолияти ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Айни вақтда, камбағаллик домига тушиб қолган ҳар бир фуқародан ҳам ўз ҳаётини ўзгартиришга бўлган кучли хоҳиш, янгиланишлардан қўрқмаслик ва доимо олдинга интилиш талаб этилади. Зеро, қарс икки қўлдан чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг камбағалликка қарши курашиш бўйича халқаро доирадаги ушбу ташаббуси, шубҳасиз, ўзининг долзарблиги ва айни вақтида билдирилгани билан диққатга сазовордир. Зеро, ер юзида пандемия давом этаётган мураккаб шароитда масаланинг бундай қўйилиши барча давлатлар учун муҳимдир.

Шу билан бирга, ушбу ташаббус БМТ ва унга аъзо-давлатлар томонидан пандемия шароитида вужудга келган янги таҳдидларни инобатга олган ҳолда мазкур масалага ёндашувни стратегик жиҳатдан қайта кўриб чиқишни тақозо этиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Шубҳасиз, мамлакатимиз Раҳбарининг ушбу ташаббуси Ўзбекистоннинг халқаро доирадаги муҳим стратегик қадамларидан бири сифатида тарихда қолади.

Манба